АҚШ президенти Барак Обама мамлакат Конгрессининг иккита палатаси томонидан қабул қилинган қонун ижросига вето қўйиши мумкин. У, 11 сентябрь фожиаси қурбонларининг яқинларига Саудия Арабистонига қарши товон пули талаб қилиш мақсадида ариза топшириш имконини беради, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

Бу ҳақда, Оқ уй маъмурияти вакили Жош Эрнест матбуот анжуманида маълум қилган. 

«Бошқа мамлакатлар ушбу қонундан фойдаланган ҳолда Америка дипломатлари ёки ҳатто Америка компанияларига қарши бутун дунёда маҳкама жараёнларини бошлаши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас», — деган Эрнст. 

Эрнест шунингдек, «мазкур қонун имзо қўйиш учун олиб кирилганда» Обама унга вето қўйиши мумкинлигини тахмин қилган.