«Реал» ҳимоячиси Пепе жамоадоши Криштиану Роналду ўзини  «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси билан таққослашганида хотиржам қолишини қайд этиб ўтди.

«Мен учун энг яхши футболчи Криштиану, ахир уни бошқалардан кўра яхшироқ биламан. Унинг тўпурарлик қобилияти тан олинган. Мен у билан ҳар куни биргаман, ҳар куни унинг нечоғлиқ иштиёқлилигини кўраман. У ўзига Месси ҳақида гапиришганида асабийлашмайди. Хави эса у ҳақидаги фикрларида хато гапирди, у айтганидек эмас. Роналдуни фақатгина «Реал»нинг мухлислари дунёда энг яхши футболчи деб билишмайди», деган Пепе Cadena Ser учун берган интервьюсида.

Айни вақтда Испанияда бу борада иккита қарама-қарши фикр юзага келган. Бир томон Роналдуни, иккинчи томон эса Хави Эрнандесни ёқламоқда.

Аввалига Хави Мессига ишора қилиб, Роналду дунёнинг энг кучли футболчиси билан бир вақтда туғилиб қолгани унинг омади келмаганидан дарак экани ҳақида айтиб ўтганди.

Роналду эса кейинроқ ўзи 3 марта «Олтин тўп» олгани, Хави эса бу вақтда Қатар жамоасида («Ал-Садд» - таҳр.) ўйнаётгани ҳақида айтиб жавоб қайтарганди.

Манба: Tribuna.uz