Россия ва Тожикистон қуролли кучларининг 800 нафар ҳарбий хизматчиси Ляур тоғли полигони ҳудудида жанговар ўқотар қуроллардан фойдаланган ҳолда қўшма тактик машғулотлар ўтказишни бошлади, деб хабар қилмоқда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати.

"Ляур тоғли полигонида жанговар ўқ отиш билан олиб бориладиган қўшма машғулотлар бошланди. Унда 201 ҳарбий база ва Тожикистон республикаси қуролли кучлари бўлинмалари иштирок этмоқда. 201 ҳарбий базанинг бир гуруҳ батальони хатар сигнали билан ҳарбий техникаларда полигонга ташланган", — дейилади хабарда.

Бир ҳафта мобайнида аскарлар, сержант ва офицерлар тоғли ҳудудда қатор вазифаларни бажаришлари керак бўлади. Улар, мудофаа ва ҳужум қилиш, жиноий гуруҳларни аниқлаб, уларни йўқ қилиш, манёврларни амалга ошириш кўникмаларини шакллантиришади. Машғулотларда 200 га яқин ҳарбий техникадан фойдаланилмоқда.