Нидерландия полициясининг маълум қилишича, улар дронларга қарши курашнинг самарали усулини топишган. Бунда уларга ўргатилган бургутлар ёрдамга келади. Ваҳший паррандаларни қисқа муддатда дронларни овлашга ўргатиш мумкин. Шу билан бирга, қушлар учар қурилмаларни ўзлари ва бошқалар учун хавфсиз равишда тута олишади, деб ёзади The Gurdian нашри.

Шундай қилиб, Голландия полицияси ноқонуний ўзиучар қурилмаларга қарши курашнинг нотехнологик чораларини қўллай бошлади. Самолётлар парвози ва фуқаролар ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган дронларга махсус бургутлар воситасида барҳам беришга қарор қилинган. 

Мазкур тажриба 2015 йил охирида бошланган ва 2016 йил сентябрига келиб полициячиларнинг ишончини оқлаган. Бургутлар дронларни овлашни тез ўрганишади ва уларни хавфсиз жойга олиб келишади. Бунда қушга ҳам, атрофдаги кишиларга ҳам зиён етмайди. 

Эндиликда, Нидерландия полицияси бургутлар харид қилиб, «Ҳаводан қўриқлаш» компанияси билан ҳамкорликда 100 нафар ходимини бургутларни бошқаришга тайёрлашни режалаштирмоқда. Шундан сўнг, дронларга қарши курашувчи махсус бургутлар бўлинмаси ташкил этилади.