АҚШ ҳукуматининг фикрича, Беларусь Республикасида бўлиб ўтган парламент сайловлари етарли даражада ошкора ва адолатли бўлмаган. Бу ҳақда, АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Жон Кирбининг баёнотида сўз юритилган.

Унинг қайд этишича, «жиддий муаммолар сақланиб қолган, хусусан овозларни санашда шаффофлик мавжуд эмас». Кирбининг сўзларига кўра, Белоруссия ОАВ қарор қабул қилиши учун сайловчиларга етарли маълумот тақдим этмаган. Бундан ташқари, республикада сайловлар тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий асослар етарлича ислоҳ қилинмаган. 

Кирби шунингдек, Беларусь ҳукуматининг кўпроқ мухолифат номзодларни рўйхатдан ўтказишни хоҳламаганини таъкидлаган. Шу билан бирга, Вашингтон сайлов жараёнидаги муҳит яхшиланганини қайд этган. 

11 сентябрь куни Белоруссияда парламентнинг қуйи палатасига сайловлар бўлиб ўтди. МСК маълумотларига кўра, барча сайлов округларидан депутатлар сайланган.