Top Gear телешоусининг собиқ бошловчиси Жереми Кларксон ўзининг Оксфордшир графлиги ёнидаги эски уйини портлатиб юборди. Бу ҳақида The Telegraph маълум қилди. Британиялик телебошловчи беш ётоқхонали аввалги бинонинг ўрнига 1130 квадрат метрли янги иншоот қуришни режалаштирмоқда. 

Кларксон бу уйни 2012 йилда 4,2 миллион фунт стерлингга харид қилган. Жорий йилнинг июлида у бинонинг бузилишига рухсат олди, бироқ қўшнилардан бирининг сўзларига кўра, Кларксон бульдозерларни чақириш ўрнига портлатувчи ишларни амалга оширувчи фирмага мурожаат қилган. Қўшнилар уйнинг бузилиши ҳақида оз вақт қолганда хабар топишди ва уйнинг портлашини "Кларксоннинг хулқ-атворига" йўйишди. 

Лойиҳага кўра, телебошловчининг янги уйида кинотеатр, иссиқхона, ўйинхона, 5 автомобилга мўлжалланган гараж, квадроцикллар учун махсус жой, отхона, шунингдек 6 ётоқхона ва 5 ваннахона бўлади.

Кларксон ўтган йилнинг мартида продюсерлардан бири билан зиддиятга боргани учун Top Gear кўрсатувидан четлатилган. Низодан сўнг ВВС компанияси журналист билан шартномани узайтиришдан бош тортган. Унинг ҳамкасблари - Ричард Ҳаммонд ва Жеймс Мэй кўрсатувдаги фаолиятларини давом эттиришга қарор қилишган. 

Тўрт ой ўтгач, Кларксон, Ҳаммонд ва Мэй янги автомобиль шоусини ташкиллаштириш ҳақида эълон қилишди. Режага кўра, янги шоу Amazon Prime интернет-сервисида намойиш этилади. Кўрсатувнинг The Grand Tour номини олган илк эпизоди шу кузда эфирга узатилади.