iPhone фойдаланувчилари ижтимоий тармоқларда iOS 10 операцион тизимининг янги версиясига янгилаш вақтида қурилма бузилиб қолганидан оммавий шикоят қилишни бошлашди. Янги iOS 10 ОТ 13 сентябрь куни эълон қилинган эди. У iPhone телефони ва iPad планшети фойдаланувчиларига бепул янгиланиш имконини беради. Бу ҳолатга The Verge нашри эътибор қаратди.

Смартфон янгиланиш ўрнатилганидан сўнг қайта юкланди, кейин қурилма экранида хатолик чиқиб келмоқда. Фойдаланувчиларга аппаратни компьютерга улаб, уни DFU режимга келтириш таклифи билдирилди. Бунинг учун экранда кабель сурати ва iTunes логотипи пайдо бўлмагунга қадар ёқиш ва Home тугмасини бирваракайига ушлаб туриш зарур бўлади. 

Apple ўзининг Twitter-аккаунтида янгилашни Wi-Fi-уланиш орқали эмас, балки iPhone'ни компьютерга улаган ҳолда iTunes ёрдамида iOS 10ни ўрнатиш кераклигини маслаҳат бермоқда.

«Олма» корпорацияси вакилининг нашрга хабар беришича, муаммо тезда бартараф этилган. Шунингдек, Apple муваффақиятсиз ОТ янгилашга дуч келган фойдаланувчилардан кўнгилсизлик учун узр сўради.