Google компанияси Chipotle Mexican Grill ресторанлари тармоғи билан Виржиния Политехника университети талабаларига дронлар воситасида буррито етказиб беришни синовдан ўтказа бошлади

Компания мазкур лойиҳани амалга ошириш учун АҚШ фуқаро авиацияси федерал бошқармасидан рухсат олган. Илк синовлар 12 сентябрь куни ўтказилган. Хабарларга кўра, буюртмаларни етказиш учун Project Wing дронларидан фойдаланиш режалаштирилган.

Синов парвози Виржиния штати Блэксберг шаҳрида ёпиқ тарзда амалга оширилган. Google вакили Жаклин Миллернинг маълум қилишича, ҳозирча компания лойиҳани батафсил ошкор қилмайди. 

The Roanoke Times журналистлари синов парвозларини кузатишга муваффақ бўлган. Дрон 3 метргача баландликдан арқон воситасида буррито солинган пакетни ерга туширган. Шундан сўнг, компания ходими арқонни кесиб, юкни кузатув ҳудудига олиб кетган. 

Бу жараён 30 дақиқалик танаффус билан 10 марта такрорланган. Политехника университети талабалари ҳам синовларнинг бевосита гувоҳи бўлишган.