ХХР Олий халқ прокуратураси дунёдаги йирик нефтгаз корпорациялардан бири CNPC ҳамда Хитойдаги энг кекса FAW автомобиль компанияси собиқ бош менежерлари ҳамда Фуцзянь вилояти губернатори ўринбосарига нисбатан расман коррупция айбини илгари сурди, дея хабар қилмоқда «Синьхуа» агентлиги.

Маълумотларга кўра, CNPC корпорациясининг собиқ раҳбари Ляо Юнъюань учинчи шахслар манфаатлари учун йирик миқдорда пора олганликда ва лавозимини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда. Таъкидланишича, унинг сарф-харажатлари қонуний даромадларидан ошиб кетган. Собиқ топ менежер молиявий маблағлар манбасини изоҳлаб бера олмаган. 

FAW автомобилсозлик компаниясининг собиқ бош менежери Сюй Цзяньин ҳам йирик миқдорда пора олганликда ва хизмат лавозимидан ғаразли мақсадларда фойдаланганликда айбланмоқда. Фуцзянь вилояти раҳбарининг собиқ ўринбосари Сюй Ганга нисбатан ҳам шу каби айбловлар илгари сурилаяпти.