Индонезия ҳарбий-денгиз кучлари жорий йилда сайёрадаги энг йирик архипелаг атрофидаги сувларда қўшни давлатлар Сингапур ва Малайзия билан ҳамкорликда қароқчилар ва террорчиларга қарши патруллик қилишни бошлайди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа ишлари вазири Риямизард Рячуду маълум қилган.

"Мен ишонаманки, биз шу йилдаёқ мувофиқлаштирилган патруллик ишларига киришамиз. Яқин вақт ичида бу масалани муҳокама этиш учун Малайзия мудофаа вазири билан учрашаман", дея вазирнинг сўзларини келтирган Jakarta Post нашри.

Унинг сўзларига кўра, ҳамкорликдаги патруллик Филиппиннинг жанубий қисми, Индонезия шимоли ва Малайзиянинг шарқий қисми ўртасидаги сувларни қамрайди.

Бундан ташқари, Индонезия ҲДК кемалари кемаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун янги маршрутлар тавсия этади.

Филиппин нашрлари маълумотларига кўра, айни вақтда бу мамлакат жанубида ҳаракатланадиган "Абу Сайяф" гуруҳи Сулу туманидан ўнлаб индонезияликларни асирга олган. Шунингдек, жангарилар қўлида Малайзиянинг 5 нафар фуқароси, 1 нафар нидерландиялик ҳамда 4 нафар филиппинлик қолмоқда.

Ўз навбатида Индонезия ва Малайзия оралиғидаги ҳудудда кейинги вақтларда танкерлар ўғирланиши билан боғлиқ қароқчилик ҳолатлари пайдо бўлган.