Қирғизистон муҳожирлик бўйича давлат хизмати раиси Бактибек Адилов, Москва шаҳридаги типографияда чиққан ёнғинда ҳалок бўлган қурбонларнинг оила аъзоларига 1 млн рублдан товон пули тўлашни талаб қилмоқда. Типография хўжайини эса, ҳар бир қирғиз фуқароси учун 300 минг рублдан таклиф этмоқда, деб хабар қилаяпти “Sputnik Киргизия” агентлиги.

"Қирғизистон, Москвадаги ёнғинда ҳалок бўлган республика фуқароларининг оилаларига 1 млн рублдан тўлаш фикрини илгари сурмоқда", — дейилади хабарда. 

Адилов шунингдек, типография эгасининг адвокати билан учрашув бўлиб ўтганидан хабардор қилган. 

"У 300 минг рублдан таклиф қилди, бироқ биз бир миллиондан талаб қилаяпмиз. Бу масала ҳал бўлади", — деган Адилов.

Бундан ташқари, давлат хизмати раиси типографияда ишлаган 55 нафар қирғизистонликка маош тўлаш масаласи ижобий ҳал этилганини билдирган. Уларнинг бир қисми ишга жойлаштирилган.