Суриянинг 100 мингга яқин фуқароси Аҳмад ҳожи Қодиров номидаги минтақавий жамоат фондидан гуманитар ёрдам сифатида гўшт маҳсулотлари олади. Бу ҳақда, Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи Рамзон Қодиров Инстаграмдаги саҳифасида маълум қилди. 

«Жамғарма вице-президенти Зиёд Сабсабийнинг маълум қилишича, 3 кун ичида Дамашқ ва унинг атрофи, Латакия, Тартус ва Ҳалабда, шунингдек, Ливандаги қочоқлар лагеридаги 100 мингга яқин кишига гўшт тарқатилади. Шу мақсадда, 2,5 минг қўй, 100та буқа ва 10та туя харид қилинди», — деб аниқлик киритган Қодиров. 

Унинг қайд этишича, 500 нафардан ортиқ кўнгилли жамғарма ёрдамини етказишда кўмаклашмоқда. Ҳозирча, мазкур жамғарма Ҳалаб шаҳрига инсонпарварлик ёрдами етказган ягона ташкилот бўлиб турибди. 

АҚШ ва Россия давлатлари келишган ўт очишни тўхтатиш тартиби Сурия бўйлаб 12 сентябрдан кучга кирган эди.