Туркманистон оқсоқоллар кенгашининг 14 сентябрь, чоршанба куни Ашхободда ўтказиладиган мажлисида янги конституция қабул қилиниши кутилмоқда.

Кенгаш ишида мамлакатнинг барча вилоятларидан (5та вилоят - таҳр.) ва пойтахтдан жами 600 киши ва Туркманистон парламенти (мажлис) депутатлари тўла таркибда иштирок этади. Айнан депутатлар мажлисда янги конституция қабул қилиниши бўйича овоз беришлари кутилмоқда.

Туркманистон Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги давлатлар орасида янги конституция қабул қилинган илк мамлакатга айланганди. 1992 йилнинг 18 майида биринчи конституция қабул қилинган. 1995 йилнинг 27 декабрда конституцияга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

16 йилдан сўнг, 2008 йилнинг 26 сентябрида Туркманистон Халқ маслаҳати конституцияга янги ўзгартиришларни қабул қилган. Унга кўра, айнан Халқ маслаҳатининг ўзи ўзгартирилиб, ваколатлари президент ва парламент ўртасида бўлинган.

2014 йили Гурбангули Бердимуҳаммедов мамлакат конституциясини Туркманистоннинг «замонавий сиёсати ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти талаблари»га мослаштириш зарурлигини айтган эди.

2016 йилнинг февраль ойида конституциянинг янги лойиҳаси матбуотда чоп этилган. Ушбу қонуннинг олдингиларидан фарқли жиҳати, президент ваколати муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш, президент лавозими учун энг юқори ёш чекловини бекор қилиш бўлди. Амалдаги конституцияда ёш чегараси 70 ёш этиб белгиланган.

2016 йилнинг 29 июнида Гурбангули Бердимуҳаммедов 61 ёшга кирганди. Унинг конституция бўйича иккинчи муддати 2017 йилда ниҳоясига етади.