Мустақил ривожланиш йиллари давомида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимояси, демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишни таъминлайдиган изчил ҳамда ўсувчан механизмлар тизими яратилди, бунда нодавлат-нотижорат  ташкилотлари алоҳида ўрин тутади. 

И.А.Каримовнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгилаб берилган йўналишлари асосида Федерация ва унинг қуйи тузилмалари ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида давлат ҳокимиятининг марказий муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш борасидаги чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилмоқда. Ушбу концепция талаблари асосида бугунги кунда ишлаб чиқилган ва амалда бўлган бир қатор қонунлар мамлакатимиз аҳолисининг истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилиб келмоқда. Концепция талабларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилнинг 25 сентябрида қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни 2015 йил 1 январдан кучга кириши мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта воқеа бўлди.

Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жамоатчиликни кенг жалб қилиш, ички истеъмол бозорида сифати паст, одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи товарлар сотилишига йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маъданиятини ошириш соҳасида амалдаги қонунлар ва қонуности меъёрий ҳужжатлари бўйича жамиятимиз томонидан тушунтириш – тарғибот ишлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Бу тарғибот тадбирлари натижасида Урганч шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан 2016 йилнинг ҳозирги кунига қадар кўплаб тарғибот тадбирлари амалга оширилди ва мурожаатлар кузатилди. Жумладан, Урганч шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан 6 та ўқув семинари ва 27 та давра суҳбати, радио орқали 630 маротаба эшиттириш, телевидение орқали 56 марта чиқиш ҳамда марказий, маҳаллий газеталарда 11 та, potreb.uz сайтида 16 та мақолалар ёритилди.

 Жамиятимизда жорий йилнинг ҳозирги кунига қадар 41 марта мурожаат қилинган бўлиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал қилиниши натижасида истеъмолчиларнинг оилавий бюджетига етиши мумкин бўлган       56 301 645 сўм зарарнинг олди олинишига эришилди. Мисол тариқасида,  Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани, Ўзбек ёп қишлоғи, Қалъа маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Сабирова Озода, Урганч шаҳар, Тинчлик кўчасида жойлашган “Универсал маиший қурилиш савдо” МЧЖ савдо шаҳобчасидан “БЕКО” русумли тюнерни 120 000 сўмга сотиб олган. Бироқ ушбу тюнер хонадонидаги телевизорга мос келмаган. Шу сабабли О.Сабирова ушбу тюнерни дўконга олиб бориб, пулини қайтариб беришларини сўраган. Аммо рад жавобини олгач, ўзининг истеъмолчи сифатидаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олмагач, жамиятимизга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлади. 

Ўрганиш натижасида, истеъмолчи Собирова Озоданинг аризадаги ҳолатлари ўз тасдиғини топди ва жамият ходимлари томонидан Урганч шаҳар, Тинчлик кўчасида жойлашган “Универсал маиший қурилиш савдо” МЧЖ савдо шаҳобчаси ходимларига жамият ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарорининг тегишли бандлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддалари тўғри тушунтирилиши натижасида истеъмолчининг талаби тўлиқ қаноатлантирилишига  ва Собирова Озода томонидан сотиб олинган ВЕКО русумли тюнернинг 120 000 сўм пул маблағи қайтариб берилишига эришилди. 


  Урганч шаҳар ИҲҲҚ жамият ижрочи-директори:  Элмурод  Қурамбаев