Ўзбекистон чарм-пойабзал корхоналари уюшмаси учинчи марта Mosshoes Халқаро пойабзал, аксессуарлар ва таркибий материаллар кўргазмасида иштирок этмоқда. Кўргазма 12-16 сентябрь кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақида "Ўзбекчармпойабзали" уюшмасининг матбуот релизида маълум қилинди. 

Уюшма томонидан махсус танлаб олинган Ўзбекистоннинг етакчи чарм-пойабзал корхоналари ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этишади. Уларнинг орасида - эркаклар, аёллар, болалар, спорт ва махсус пойабзаллар ишлаб чиқарувчилари, шунингдек терини қайта ишлаш корхоналари, чарм ва бошқа таркибий материаллар ишлаб чиқарувчилари мавжуд. 13 сентябрь куни кўргазмада "Ўзбекистон куни" ташкиллаштирилди, унинг доирасида Ўзбекистон чарм-пойабзал корхоналари уюшмаси ва Россия чармчилар ва пойабзалчилар иттифоқининг форуми бўлиб ўтди. 

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал соҳасида 252 компания фаолият юритади. Уюшма прогнозига кўра, 2016 йилда чарм пойабзал экспорти ҳажми 17 миллион жуфтни ташкил қилади - бу умумий пойабзал ишлаб чиқаришнинг 60 фоизи демакдир. Экспортнинг умумий саноат ҳажми 2016 йилда 251 миллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда, 2025 йилга бориб, бу кўрсаткични 9 баробар кўтариш режалаштирилган. 

"Ҳукумат ушбу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда, - деди Уюшма кенгаши раисининг ўринбосари Шералиев Ш.Э. - 2016 йилда соҳани ривожлантиришга оид 264 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда, бунинг натижасида 207та янги ишлаб чиқариш корхоналари яратилади, 57 корхона эса техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилинади. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатимизда тахминан 3100 янги иш ўрни яратилиши ҳамда жалб этилаётган инвестициялар ҳажми кенгайишига имкон беради".