«Афросиёб» электр поезди бугун, 15 сентябрь кунидан Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишида қатновларни амалга ошира бошлади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АК ахборот хизмати хабар берди.

«Юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий «Афросиёб» электр поезди  «юртимиз аҳолиси ва меҳмонларининг темир йўллардан фойдаланишга бўлган эҳтиёжларини қондириш, уларга сафар давомида юқори даражадаги замонавий шароитларни яратиш ва сифатли сервис хизматларини кўрсатиш ҳамда туризмни ривожлантириш мақсадида 2016 йилнинг 15 сентябридан бошлаб Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи №762/761-сонли Afrosiyob электро поезди йўлга қўйилишини маълум қилади», дейилган хабарда.

Поезд Тошкентдан соат 08:00да йўлга чиқиб, соат 11:47да Бухорога етиб боради. Бухородан эса соат 15:21да жўнаб, Тошкентга соат 19:10да келади. Рейслар ҳар куни амалга оширилади.

Бу йўналишда юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд йўлга қўйилиши Ўзбекистон президентининг 2015 йил 26 мартидаги қарори асосида амалга оширилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АК 16 ой давомида Самарқанддан Бухорогача бўлган 259 км масофадаги йўлни электрлаштирди. Бу лойиҳага 400 млн доллар сарфланди. Лойиҳа доирасида 16,2 миллион кубметр тупроқ ишлари, шунингдек, 146 километрлик «Мароқанд–Навоий» участкасида ер кўтарма ишлари бажарилиб, янги темир йўл тўлиқ ётқизилди.

Поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган 600 километрлик масофани илгаригидек 7—8 соатда эмас, 3 соату 20 дақиқада босиб ўтиш имкониятига эга.

Ҳудудда юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поездлари қатнови йўлга қўйилгандан сўнг, мамлакатда бундай поездлар ҳаракатланадиган темир йўллар узунлиги 700 километрдан ортди.