АҚШ ҳукумати йирик қорамоллар боқилувчи ферма ва яйловларни кенгайтириш мақсадида 45 минг ёввойи отни ўлдиришга қарор қилди. Бу ҳақида 14 сентябрь куни The Independent хабар берди. 

Манбага кўра, Қўшма Штатлар ҳудудида жами 50 мингдан камроқ ёввойи от мавжуд, шу боис уларнинг 45 мингини қириб ташлаш жониворлар популяциясига тузатиб бўлмас зиён етказади. 

Ёввойи отларни қириш солиқ тўловчилар ҳисобидан амалга оширилади. Жониворларнинг қачон ва қандай ўлдирилишига аниқлик киритилмаган. 

Жониворлар ҳимоячилари ҳукумат қарорига қарши чиқишмоқда. Улар Change.org.да шу мувзуда петиция жойлаштиришди, у 71 минг нафардан ортиқ киши томонидан имзоланди. 

20 йил давомида жониворлар ҳимоячилари мунтазам равишда ёввойи отлар сонининг кўпайишини - туғилишни назорат қилиш йўли орқали бошқаришни таклиф қилиб келишган.