АҚШ президентлиги учун сайловолди кампаниясида иштирок этган Вермонт штати сенатори Берни Сандерс The Guardian газетасида чоп этилган мақоласида Америка ҳукуматини АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноуденни кечиришга ундади.

«Эдвард Сноуден ошкор қилган маълумотлар Конгресс ва Америка халқига МХАнинг ўз ваколатларини қайдаражада суиистеъмол қилаётгани ҳамда Америка фуқароларининг Конституцияда кафолатланган ҳуқуқлари нақадар поймол этилаётганини билиш, англаш имконини тақдим этди», — дея ҳисобламоқда сиёсатчи. 

Шу билан бирга, Сандерснинг қайд этишича, МХАнинг собиқ ходими «ўз қасамёдини бузган ва жиноятни содир этган». Бироқ, шунга қарамай, демократнинг фикрича, мамлакат ҳукумати уни авф этиб, Сноуденни «узоқ муддатли қамоқ жазоси ва доимий қувғинда юриш» ташвишидан халос этса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.