Тошкентда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодексини амалиётда қўллашнинг айрим масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ва “Тошкент-аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда прокуратура, адлия, Савдо-саноат палатаси ходимлари, божхона брокерлари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари қатнашди. 

   
Киритилган ўзгартишлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун экспорт-импорт билан боғлиқ жараёнларни янада осонлаштирди. Ички бозорни сифатсиз ва контрабанда маҳсулотлардан ҳимоя қилиш, хўжалик юритувчи субъектлар, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилари, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг жаҳон бозорларига чиқиши учун қўшимча қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратди.

Янги таҳрирдаги Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан божхона соҳасига оид 1,3 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат инвентаризациядан ўтказилиб, қайта ўрганиб чиқилди. Натижада йигирмадан ортиқ ҳужжатга тегишли ўзгартишлар киритилди, баъзилари эса ўз кучини йўқотди. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган, божхона соҳасини тартибга солувчи 75 идоравий ва идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлиги аниқланди. Шулардан 34 ҳужжат устидаги ишлар тўлиқ якунига етказилди.