Бутунжаҳон допингларга қарши WADA агентлиги Fancy Bears хакерлар гуруҳи томонидан интернет тармоғига жойланган иккинчи тўплам ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. 

Ташкилот сайтида айтилишича, "рус хакерлари 8 давлатнинг 25 спортчисига оид махфий маълумотларни ошкор қилишди. Бу ахборотлар ADAMS (Anti-Doping Administration and Management System — Допингга қарши маъмурий ва бошқарув тизими)"дан ўғирланган. 

Аввалроқ, Америка ФҚБ ҳам АҚШ Демократик партияси сайтларини бузиб кирган  Fancy Bears хакерлар гуруҳи Россия ҳукумат тузилмалари, хусусан Бош разведка бошқармаси билан узвий боғлиқ деган фикрларни билдирган эди. 

"Россиядан туриб амалга оширилаётган киберҳужумлар, Россия допингга қарши дастурига мос келадиган ишларни тиклаш жараёнини бузмоқда", — дея баёнот берган WADA бош директори Оливье Ниггли.

Хакерлар сайтида эълон қилинган иккинчи тўплам ҳужжатларда тақиқланган дориларни истеъмол қилган спортчилар рўйхати келтирилган. Унда, АҚШнинг 10 нафар спортчиси номи келтирилган. Бундан ташқари, Германия ва Буюк Британиядан беш нафар, Россия, Чехия, Дания, Польша ва Руминиядан бир нафардан спортчиларнинг исми-шарифи келтирилган. 

Рўйхатда россиялик боксчи, Олимпия совриндори Миша Алоян номи ҳам бор. Унинг А допинг намунасида туаминогептан стимулятори аниқланган. 3 метрлик трамплиндан синхрон сакраш бўйича Рио-2016 кумуш медаль соҳиби бўлган америкалик Сэм Дорманда амфетамин аниқланган. Бунда, шифокорлар тақиқланган моддани даволаш учун қўллашган. 2012 йилги Лондон Олимпиадаси чемпиони, немис спортчиси Роберт Хартинг намунасида дексаметазон ва триамцинолон, даниялик сузувчи Пернилле Блюмда тербуталин бўлгани маълум қилинган.

Шунингдек, турли йилларда тақиқланган моддаларни қўллаган спортчилар орасида таниқли теннисчи Петра Квитова (Чехия) ва Бетани Маттек-Сандс (АҚШ), трекда жамоавий таъқиб пойгасида Рио-2016 йил чемпиони британиялик Брэдли Уиггинс, унинг ватандоши Кристофер Фрум, "Тур де Франс-2016" ғолиби, 4х100 масофага комплекс сузиш бўйича Рио Олимпияси чемпиони америкалик аёл Кэтлин Бейкер номи ҳам бор.