Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони, боксчи Фазлиддин Ғоибназаров фейсбукдаги саҳифасида ўзининг хулқи борасида билдирилаётган шубҳа ва гумонларга яна бир бор муносабат билдириб ўтди. У ўзи ҳам, бошқа жамоадошлари ҳам "ҳаддидан ошиб кетмагани"ни таъкидлаб, турли миш-мишларга чек қўйишни сўраган.

"Ассалому алайкум, азизлар. Барчангизга қўллаб-қувватлаб, кўрсатган эътиборингиз учун катта раҳмат. Куни-кеча мухлислар билан тушган суратимизни ўз билганича талқин қилган инсонларга қарата айтмоқчиман. Аллоҳга беҳисоб шукрки, икки шириндан-шакар фарзандим ва севиб уйланган аёлим бор. Улар мен учун жуда азиз. Сиз бундай гаплар айтишдан олдин, ўзганинг шахсий ҳаётининг шу жиҳатларини мулоҳаза қилиб кўришингизни илтимос қилардим. Аллоҳга шукр, давлатимиз, халқимиз қўллаб-қуватлаб тургани учун чемпион бўлдик.

Биз ўзимиздан кетиб қолганимиз йўқки, суратга тушишни сўраган кишиларга рад жавоби бермадик. Суратга тушишни истаган инсонларнинг барчасига, акамиз, укамиз, опамиз ва синглимиз каби қараймиз. Албатта, сиз қилаётган гумонлар, сизнинг бошингизга келаётган хаёллар ҳаётдан йироқ", деган чемпион.

У ўз оиласи билан тушган суратларини тақдим қилган ва ҳукумат эътиборида, севганлари бағрида бахтиёр ҳаёт кечираётганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда бокс бўйича Рио—2016 Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаровнинг бегона қиз билан тушган сурати тарқалди.

Кейинроқ, ўзбек блогерларидан бири Санжар Рустамов бунга жамоатчиликнинг эътиборини қаратиб, "Ўзингни бос, чемпион" сарлавҳасида пост ёзди. Шундан сўнг, бу кун мавзусига айланди.

Қолаверса, биринчи постга қарши фикрлар билдириб, қирғизистонлик блогер Шермуҳаммад Абдуғофуров "Риочилар ва Санжар Саид ҳақида" номи билан, Кама Ноир тахаллусида ёзувчи яна бир ўзбек блогери эса "Чемпион ҳам одам" номли пост ёзди.

Бу постлар жамоатчиликни икки томонга ажратди ва баҳслар ҳамон давом этмоқда.