Geekbench иловасидаги синтетик синовларга кўра, iPhone 7 MacBook Air ноутбукларининг 2015 йилги сўнгги линияси моделларидан қолишмайди. Бу ҳақида  Daring Fireball нашри маълум қилди. 

Geekbench тестларида iPhone 7 қурилмаси процессорнинг бир ядросида ишлаш бўйича 3 450, кўп ядроли конфигурацияда эса - 5 630 очко тўплади.

Манбада таъкидланишича, iPhone 7 биринчи кўрсаткич бўйича  Android-топ смартфонлардан икки баробар кучли, иккинчиси бўйича эса - рақибларидан сезиларли даражадаги фарқ билан мутлоқ етакчилик қилади. 

iPhone 7'да тўрт ядровий A10 Fusion чипи қўлланади, унда 2та энергия тежовчи ядро 1,05 ГГц частотада, 2та юқори унумли ядро эса - 2,34 ГГц частотада ишлайди. Тизим бажараётган вазифасига қараб, автоматик равишда биридан иккинчисига ўтади.

Apple ходимларининг сўзларига кўра, iPhone 7 смартфони iPhone 6s'га нисбатан 40 фоиз, iPhone 6'га нисбатан эса 100 фоиз тезроқ ишлайди. 

iPhone ва MacBook процессорлари қурилишига кўра бир хил эмас, шу боис уларни синтетик синовларда таққослаш у қадар тўғри бўлмаслиги ва бу реал синовдан фарқ қилиши мумкин.

Август ойининг охирида журналистлар реал синовларда (бир хил вазифаларни кетма-кетликда бажариш) Samsung  компаниясининг Galaxy Note 7 қурилмаси iPhone 6s'дан секинроқ ишлашини таъкидлашган (iPhone 7'ни-ку гапирмаса ҳам бўлади). Синтетик синовларда эса бу қурилма реал синовга нисбатан юқори натижани қайд этган.