Япония ҳукумати мамлакатнинг амалдаги императори Акихитонинг тахтдан воз кечиши эҳтимолини муҳокама қилиш мақсадида махсус комиссия ташкил этади. Император 8 августда япон халқига қилган телемурожаатида, пайти келиб, кексайгани сабабли ўз вазифасини бажара олмай қолиши мумкинлигини айтган эди. 

Эндиликда, Kyodo агентлигининг хабар қилишича, бош вазир Синдзо Абэ бу ҳақда парламентнинг навбатдан ташқари сессиясида эълон қилади. 

Япон ҳукумати, бирон бир ҳуқуқий хулоса қилишдан аввал турли соҳа экспертларининг бу масаладаги фикрини билишга қарор қилган. Гап шундаки, Япония қонунчилиги императорнинг тахтдан ўз ихтиёри билан воз кечишни назарда тутмайди. Абэ, Акихитонинг август ойидаги мурожаатидан кейин, монархнинг сўзларига зудлик билан изоҳ бериб, бу масалани "жиддий ўйлаб кўриш керак"лигини айтганди.

ОАВ эса, фақат Акихито учун махсус қонун ишлаб чиқарилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Бироқ, ижтимоий сўровларга кўра, мамлакат фуқароларининг аксарияти бундай қонун Япониянинг бошқа императорларига ҳам тегишли бўлиши лозим, деган фикрда. Шунга қарамай, Абэ ҳукумати Акихито учунгина амал қиладиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ниятида. Қонун лойиҳаси келаси йил тайёр бўлади. Шундай қилиб, махсус комиссия таркибига Конституция ва маъмурий ҳуқуқ соҳаси мутахассислари, тарихчилар ва маданиятшунослар киради.