«Оскар» мукофоти лауреати Роберт Де Ниро Рим папаси Пий IX ролини ижро этади. Бу ҳақда NME хабар берган.

У шу мавзудаги иккинчи лойиҳада иштирок этади, биринчиси билан Стивен Спилберг шуғулланмоқда. 

Спилберг «Эдгардо» номли фильмида Пий IX ролини ижро этиши учун актёр Марк Райлэнсни («Жосуслик кўприги») танлаган. Фильм Болоньяда 1858 йили яҳудийлар оиласидан 6 ёшли Эдгардо Мортарнинг тортиб олиниши воқеаларини ҳикоя қилади. Бола католик сифатида тарбияланади. Пий IX унга уйига қайтишига рухсат бермайди ва Мортар руҳоний бўлиб етишади.

Аввалига Спилберг бу фильмда продюсер Ҳарви Вайнштейн билан бирга ишлаши белгиланганди, лекин уларнинг ҳамкорлиги 2016 йилнинг апрелида тўхтаб қолган. Эндиликда Вайнштейн бу воқеаларни ўз талқини бўйича ишлайди ва бу фильмда Пий IX ролини Де Ниро ўйнайди. Фильмга Бальтасар Кормакур («Эверест») режиссёр сифатида таклиф қилинган.

Де Ниро янги фильмда суратга тушиш ишларида 2017 йилнинг январидан иштирок эта бошлайди, Райлэнс иштирок этаётган Спилбергнинг фильми эса 2017 йилнинг баҳорида бошланади. Спилбергнинг фильми асосан Мортарнинг ёшлик йилларига бағишланади, Кормакур эса воқеаларни тўла қамраб олишни ният қилган.