ICTEXPO-2016 Ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмаси бу йил Тошкент ва Наманган шаҳарларида бўлиб ўтади. Кўргазмада 150 экспонент-компаниялар иштирок этади. Компаниялар стендлари Тошкент шаҳридаги "Ўзкўргазмасавдо" маркази ва Намангандаги "Паҳлавон" спорт мажмуаси ҳудудида жойлаштирилади. Тадбирларга тахминан 35 минг киши ташриф буюриши кутилмоқда. ICTEXPO-2016 21-23 сентябрь кунлари Тошкентда ва 21-22 сентябрь кунлари Наманганда бўлиб ўтади.

Ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмасининг ўтказилишидан мақсад - шу соҳада эришилган ютуқларни намойиш қилиш. 

ICTEXPO-2016 кўргазмаси бир неча мавзу йўналишлари бўйича ўтказилади - уларнинг орасидан мобил алоқа, интернет, телекоммуникациялар, дастурий таъминот саноати, электрон ҳукумат ва электрон савдо ўрин олган. 

ICTEXPO 2016 кўргазмасининг бу йилги ҳомийси - Huawei.

ICTFORUM-2016'га 70 нафардан ортиқ спикер таклиф қилинди

Ўтган йили Ўзбекистонда илк маротаба Ахборот-коммуникацион технологиялар (АКТ) форуми ташкил этилганди ва у иштирокчилар орасида катта муваффақият қозонган эди. Бу йил эса тадбирнинг дастурий қўмитаси таркибига етакчи IT-компаниялар ходимлари, соҳа мутахассислари ва хорижий экспертлар киритилди. Тадбирга 800 нафардан ортиқ киши ташриф буюриши, 70 нафардан ортиқ спикер бир неча мавзу йўналишлари бўйича чиқиш қилиши кутилмоқда. Форумнинг ранг-баранг дастури иштирокчиларга турли йўналишлар бўйича секцион мажлисларга кириш имконини беради:  Е-Government Uzbekistan, Рақамли иқтисодиёт, Интернет-форум, шунингдек «Ахборот хавфсизлиги», «Стартап конференцияси» ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси иштирокидаги конференция каби секцион мажлислар.

E-Government Uzbekistan конференцияси доирасида электрон ҳукумат соҳасидаги стратегик вазифалар ва амалга оширилган лойиҳалар муҳокамаси, ахборот технологиялари асосида давлат ва жамоатчиликнинг ўзаро муваффақиятли ҳамкорлигини йўлга қўйиш учун тажриба ва ғоялар алмашинуви бўлиб ўтади.

Рақамли иқтисодиётда қуйидаги мавзуларда маъруза ва тақдимотлар бўлиб ўтади: "Олмалиқ ТМК" АЖ фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш", "Булутли муҳит иқтисодиётнинг ўсишига олиб келади", "Ўзбекистоннинг ташқи савдо иштирокчилари учун "бир ойна"ли ахборот тизими",  "Ўзбекистон темир йўллари" АЖда ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ҳақида", "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК йўловчилари учун онлайн-сервисни йўлга қўйиш ва ривожлантириш". 

Форум дастурига кирувчи Startup конференцияда янги стартаплар тақдимоти, соҳа экспертларидан маҳорат дарслари ташкил қилинади, шунингдек Ўзбекистонда Smart Home бозорини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ўрнатишнинг янги имкониятлари ҳақида маълумот берилади. 

Ахборот хавфсизлиги секцияси ахборот тизимлари, манбалар ва шахсий маълумотлар ҳимоясини таъминлашга оид муҳим масалаларни муҳокама қилишга имкон беради. Ахборот хавфсизлиги халқаро саноатининг етакчи компаниялари - ESET ва CISCO'дан маҳорат дарси секциянинг энг эътиборга молик тадбирларидан бири бўлади. 

ICTFORUM 2016 доирасида бўлиб ўтадиган Интернет-форум иштирокчилари қуйидаги мавзуларга мурожаат қилишади: "Масофали таълим - ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари", "Контент сифати - электрон ОАВ ҳақида қисқа маълумот", "Интернет-реклама муаммолари", "Электрон тўловларни ривожлантириш", "Халқаро интернет-савдо".

ICTFORUM 2016 ҳомийси - ZTE Corporation. Тадбир Халқаро бизнес марказида бўлиб ўтади.