14 сентябрь куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтаётган XV ёзги Паралимпия ўйинларининг 7 куни Ўзбекистон вакиллари ўзларининг 30чи медалларини қўлга киритишди.

Шу куни мусобақаларда иштирок этган ўзбекистонлик спортчилардан Свечников Александр енгил атлетиканинг найза отиш спорт турида иштирок этиб, 65 метр 69 см масофа натижаси билан Паралимпия ўйинларининг олтин медалини олди. У шу билан биргаликда Паралимпия рекордини янгилади.

Енгил атлетиканинг аёллар ўртасида ядро улоқтириш мусобақасида иштирок этган София Бурханова 15 м 5 см масофани қайд этиб, мусобақанинг кумуш медалини, 50 метрга эркин сузиш бўйича Одилова Муслима кумуш, шу масофага сузиш бўйича Тошпўлатова Шоҳсанамхон бронза, эркаклар ўртасида 50 метрга эркин сузиш бўймча Турсунхўжаев Музаффар бронза, енгил атлетиканинг ядро улоқтириш мусобақасида Ҳусниддин Норбеков бронза медалларини қўлга киритишди.

Натижада, Ўзбекистон делегацияси 7та олтин, 5та кумуш ва 17та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 12-ўринни эгаллаб турибди. 

Медаллар бўйича жадвални Хитой бошқармоқда — 75та олтин, 58та кумуш ва 39та бронза. Жами — 172та медаль. Кейинги ўринларни Буюк Британия, Украина ва АҚШ делегациялари банд этган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси XV ёзги Паралимпия ўйинларида 5 спорт турида 32 спортчи билан иштирок этмоқда.

XV ёзги Паралимпия ўйинларида энг кўп спортчилар билан иштирок этаётган давлатлар: Хитой (17та спорт тури, 327 нафар спортчи), Бразилия (22та спорт тури, 310 нафар спортчи), АҚШ (20та спорт тури, 288 нафар спортчи), Буюк Британия (20та спорт тури, 260 нафар спортчи), Австралия (16та спорт тури, 175 нафар спортчи), Украина (15та спорт тури, 171 нафар спортчи), Аргентина (15та спорт тури, 162 нафар спортчи), Канада (19та спорт тури, 159 нафар спортчи), Германия (17 спорт тури, 158 нафар спортчи), Япония (17 спорт 144 нафар спортчи), Эрон (12 спорт тури, 112 нафар спорчи), Италия (14 спорт тури, 103 спортчи).