“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамиятида мустақиллик йилларида  мамлакатимиз енгил саноат тармоғида эришилган ютуқларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Мустақиллик йилларида “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик  жамияти корхоналари томонидан қиймати 31 триллион сўмдан зиёд саноат маҳсулотлари, 13 триллион сўмдан ортиқ  халқ  истеъмол товарлари ишлаб чиқарилди.

Маҳсулотларни экспорт  қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида қиймати 7 миллион долларлик тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 2015 йилда экспортга 1 миллиард доллардан зиёд маҳсулот етказиб берилди. Жамият таркибига кирадиган экспортчи корхоналар сони 260 дан ошди, экспорт қилаётган маҳсулотлар таркибига бамбукли, модаль ва аралаш калава, жаккард ва рингел мато, тайёр тикувчилик-трикотаж буюмлари киритилди. Ўтган йил  якунларига кўра, умумий экспорт ҳажмида юқори қўшимча қийматга эга товарлар улуши 32,2 фоизни ташкил қилди ва бу кўрсаткич мунтазам ўсмоқда. 

Айни пайтда Ўзбекистонда тайёрланаётган тўқимачилик маҳсулотлари Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон каби дунёнинг 50 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда. Ташқи савдо бозорларини диверсификация қилиш, экспорт қилинадиган товарлар турини кенгайтириш мақсадида соҳа корхоналари халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-ярмаркаларда фаол иштирок этаётир. 

Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми ҳам Ўзбекистон енгил саноатининг юксак салоҳиятга эга эканидан далолат беради. 1995 йилдан буён соҳага қиймати 2  миллиард АҚШ долларидан ортиқ чет эл инвестицияси  жалб этилди. Сўнгги йилларда Германия, Швейцария, Италия, Жанубий Корея, Япония, Туркия, АҚШ, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар сармоядорлари иштирокида 200 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Барча турдаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини берадиган замонавий корхоналар ишга туширилди. 

2015 йилда 41,4 минг тонна калава, 6,6 минг тонна трикотаж мато, 38 миллион жуфт пайпоқ буюмлари, 16  миллионта  тайёр буюм, 3,3 миллион  квадрат метрдан зиёд гилам маҳсулотлари ва 400 та тикувчилик машинаси ишлаб чиқарадиган 33 янги корхона фойдаланишга топширилди. Лойиҳалар умумий қиймати 170 миллион АҚШ долларидан ошди. 2,6 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди. 

Матбуот анжуманида 2020 йилга қадар  енгил саноат  соҳасида қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ олтмишдан зиёд лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. 2015-2020 йилларда тўқимачилик ва енгил саноатни ривожлантириш дастурининг амалга оширилиши  соҳа экспорт  салоҳиятини қарийб 2 баробар ошириб, 13 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш имконини беради.