2016 йилнинг 16 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.М.Мирзиёев топшириғига биноан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг (ДРК) навбатдаги мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисда МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда халқаро ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мажлис якунига кўра МДҲнинг 25 йиллиги муносабати билан, халқаро терроризмга қарши биргаликда курашиш тўғрисида ва БМТ Бош ассамблеясининг бутун жаҳон наркотик муаммоси бўйича Махсус сессияси якунлари бўйича баёнотлар қабул қилинди, шунингдек МДҲнинг замонавий воқеъликка мослашиши тўғрисидаги қарор, Терроризм ва экстремизмнинг бошқа зўравонлик кўринишларига қарши курашишда МДҲ иштирокчи давлатларининг 2017-2019 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда кун тартибига киритилган бошқа ҳужжатлар имзоланди.

МДҲнинг навбатдаги Саммити 2017 йили Ҳамдўстлик раислигини қабул қиладиган Россияда бўлиб ўтади.