Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбаев 60 ёшда - унинг кеча ва бугуни

Жамият 17 Сентябрь 2016 13443

Бугун Қирғизистон президенти Атамбаев, ўзининг 60 ёшини қаршилади. Шу муносабат билан, мамлакатда бўлиб турган РФ президенти Владимир Путин уни таваллуд куни билан қутлаб, уни Александр Невский ордени билан мукофотлади. 

Республикаси президенти, давлат ва сиёсат арбоби Алмазбек Шаршенович Атамбаев 1956 йил 17 сентябрь куни Қирғиз ССР, Фрунзе области, Ворошилов район, Арашан қишлоғида таваллуд топган. У, 2011 йил 1 декабридан эътиборан мамлакат президенти сифатида республикани бошқармоқда. Бунгача, 2010-2011 йилларда бош вазир лавозимида ишлаган Атамбаев, Қирғизистон социал-демократик партияси раиси ҳисобланади. У шунингдек, Қирғизистон самбо федерацияси фахрий президенти ҳамдир. 

Давлат раҳбари 1980 йилда Оржоникедзе номидаги Москва бошқарув институтини (ҳозирда Давлат Бошқарув университети) муҳандис-иқтисодчи мутахассислиги бўйича ишлаб чиқариш бошқаруви ташкилотчиси сифатида тамомлаган. Муҳандис сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган Атамбаев, кейинчалик, Қирғиз ССР алоқа вазирлигида етакчи иқтисодчи лавозимда ишлаган. 

1983 йилдан СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳисобланган. Шу йилдан республика парламенти фаолиятида ҳам иштирок этган. 1987-1989 йилларда Фрунзе шаҳри (ҳозирги Бишкек) Первомайск райони ижроия қўмитаси раҳбари ўринбосари бўлган. 1989 йилда ҳокимият органларидаги фаолиятини тарк этиб, тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлаган.

1997 йилда «Форум» илмий-ишлаб чиқариш фирмасининг директори бўлган. 1997-1999 йилларда «Қирғизавтомаш» АЖнинг бош директори. 1999-2004 йилларда «Форум» саноат гуруҳининг директорлар кенгаши раиси бўлиб ишлаган. 2004-2005 йилларда «Қирғизавтомаш» корпорацияси директорлар кенгаши раҳбари. 2004 йилда Қирғизистоннинг энг бой 100 кишиси рўйхатига киритилган. 

1995-2000 йилларда халқ вакиллари йиғилиши 2 чақириқ Жогорку Кенеш депутатлигига сайланган. 3 чақириқ депутатлигига номзодини сурган, аммо мағлуб бўлган. Қирғиз республикаси президентлиги учун 2000 йилги сайловларда учинчи ўринни олган. 

2005 йил мартидаги давлат тўнтаришидан сўнг, 2005 йил сентябридан 2006 йил апрелига қадар республика саноат, савдо ва туризм вазири. 2007 йилнинг 30 мартидан 28 ноябригача республика бош вазири бўлган. 2010 йил 7 апрелидан, Апрель инқилобидан сўнг, муваққат ҳукумат раҳбари ўринбосари сифатида фаолият юритган. 2010 йил 13 июлда истеъфога чиққан. 

2010 йил 17 декабрида яна бир бор мамлакат ҳукуматини бошқарди. Айнан шу санадан, у Қирғиз республикасининг янги Конституцияси бўйича бош вазир этиб сайланган. 

Сиёсий фаолияти давомида уч марта президентлик учун номзодини қўйган. Шундан фақат учинчисида Республика раҳбарлигига муносиб кўрилган. Биринчи турдаёқ сайловда ғалаба қозонган Атамбаев 2011 йил 1 декабридан ўз лавозимини бажаришга киришган. 

Алмазбек Атамбаев қўшиқлар ёзиш билан қизиқади. У, қўшиқларини гитара садолари остида ўзи ижро этади. У бир вақтлар Қирғизистон ёзувчилари адабий жамғармасини ҳам бошқарган. 

Шу билан бирга, Алмазбек Атамбаев 2017 йилги президентлик сайловида ўз номзодини қайта қўймаслигини маълум қилиб келмоқда. Бундан ташқари, ўз ўрнига муносиб номзодни ҳам тайёрламаётганини маълум қилган. 


 

Кўпроқ янгиликлар