Пойдевори мустаҳкам юртнинг келажаги порлоқ бўлади

Ўзбекистон 17 Сентябрь 2016 11368

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари барча замонларда ўзининг миллат қаҳрамонларига эга бўлган. Миллат қаҳрамонлари ўз фидойилиги ва жасурлиги билан халқнинг юрагидан жой олган. Зеро, улар ҳеч қачон унутилмайдилар, халқ эса уларнинг қилган меҳнатларини қадрлаб, бошлаб қўйган ишларини давом эттиради. Шу маънода айтганимизда, Ислом Каримов ҳам ана шундай буюк шахслардан бири саналади.

Давлат бошқарувини эса бирор касб ёки ҳунар билан солиштириб бўлмайди. Сабаби, унда халқингни келажагини, ён атрофингдаги сафсатабозларни, “қопағон ит”ларни ўйлаб, кечаларни бедор ўтказишинг, соғлиғингни йўқотишинг мумкин. Лекин бу сенинг вазифанг. Халқ сенга ишонди, миллионлаб болаларнинг келажаги ва орзу умидлари сен билан боғлиқ. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти бу вазифани мукаммал адо этди, ўз вазифасига масъулият билан ёндоша олди.

Янги туғилган гўдак уч ёшгача тез-тез шамоллайди, кўча-кўйда қоқилиб тушаверади. Қисқача қилиб айтганда, ташқи таъсирларга мойиллик ёки иммун тизими кучсиз бўлади. Давлат ҳам ана шу гўдак каби улғаяди. Куни кеча байрам қилинган Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига ҳам осон эришилгани йўқ. Истиқлол даврида мамлакатимиз раҳбари ва у билан елкама-елка турган масъуллар турли ғов ва тўсиқлардан юртимизни эсон-омон олиб ўтишди. Натижада иммун тизими кучайди, улғайган мамлакатга “қопағон итлар” ҳам яқинлашишга қўрқадиган бўлишди. Бунинг ортида оз меҳнат ётгани йўқ.

Ҳозир мамлакатимиз аҳолиси ўртасида муҳокама қилинаётган мавзу бу янги президент сифатида кимнинг сайланиши бўлиб қолди. Бунга асосий сабаб, “итлар” тинимсиз акиллаб, тинч аҳоли юрагида қўрқув ҳиссини пайдо қилишга уринишаётганидир (уларнинг асосий мақсади ҳам шу ўзи). Биздан минглаб чақирим узоқда турган чала сиёсатчилар калласидаги тўртта-бешта суваракнинг ғимир-ғимиридан келиб чиқиб бизга қандай яшашимиз кераклигини, нималарга эътибор беришимиз лозимлигини уқтиришмоқда. Эй юртфуруш, бир бошинга бир жойда қўним тополмайсан-ку, юрт тақдирини ўйлашни сенга ким қўйибди? 

Бугун одамларнинг тилидаги номзодларнинг барчаси халқ орасидан чиққан, халқнинг ўзи сайлаган, кечани кеча, кундузни кундуз демай шу Ўзбекистон ривожи учун меҳнат қилаётган шахслардир. Улар ҳақида куни кеча билган одамлар бугун ижтимоий тармоқларда уларнинг фаолиятини бир бири билан солиштириб – хорижнинг норасмий матбуоти орқали эълон қилинган маълумотлардан хулоса чиқариб, муносабат билдиришмоқда. Аслида ўйлаб кўринг, марҳум Президентимиз билан елкама-елка туриб ишлаган, мамлакатимиз ривожига улкан ҳисса қўшган шахсларни бугун кимларнингдир ноғорасига ўйнаб, муҳокама қилишимиз тўғрими?

Куни кеча, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 4 декабрь куни президентлик сайлов ўтказилиши эълон қилинди. Насиб этса, сайловда халқнинг ўзи ўзига маъқул номзодни сайлайди.

Кўпроқ янгиликлар