Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг Сурия бўйича келишувни нима учун  ошкор этмаётганига ойдинлик киритди, деб хабар қилмоқда РИА «Новости» агентлиги.

«Ошкор қилишни хоҳламаётганларининг сабаби, менимча шундаки, бу ҳолда Америка, Россия ва умуман жаҳон жамоатчилиги учун ким нимани бажармаётгани фош бўлади», — деган Путин.

Унинг аниқлик киритишича, АҚШ террорчиларни соғлом фикрли мухолифатдан ажратиш бўйича мажбуриятини бажарганича йўқ. 

Шу билан бирга, Путин қўшимча қилганидек, Россия Сурия бўйича келишувлар борасида ижобий кайфиятда. 

«Биз, табиийки, келишувларни ошкор қилмаймиз. Чунки, америкалик ҳамкорларимиз бунга розилик билдиришмаяпти. Одатда, Сурия инқирозига ўхшаш масалалар юзасидан дипломатик даражада келишувга эришилганда шундай йўл тутилади. Яна такрорлайман, биз салбийдан кўра кўпроқ, ижобий фикрдамиз. Шунга кўра, Америка маъмурияти берган ваъдалар ижро этилишига ишонамиз», — деган давлат раҳбари.