Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 2014 йилнинг 27 август куни Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” жоме масжидига биринчи ғиштини қўйиб берган эди. Шу йилнинг 16 сентябрь куни эса ушбу масжиднинг  янги биносининг очилишига ташриф буюрдилар.

Тошкент шаҳридаги қарийб 100 йиллик тарихга эга “Яккасарой” жоме масжиди ўрнига минг нафар намозхонга мўлжаллаган катта жомеи барпо этилди. 23 метрга бўй чўзган гумбазли хонақоҳ деворлари, меҳроб ўзига хос нақшлар билан безатилган. Моҳир хаттотлар томонидан меҳроб усти ва деворига Қуръони карим оятларидан ҳамда ҳадиси шарифларда ворид бўлган дуолар муҳрланган. Хонақоҳ ёнида 150 кишига мўлжалланган кичик хонақоҳ ҳам барпо этилган. Бино гумбазининг ташқари томондан баландлиги юқорисидаги ой рамзи бўйи билан 28 метрга, миноранинг баландлиги эса 31.5 метрни ташкил этади. Хонақоҳга учта шарқона услубда кўтарилган арка орқали кирилади.

Таҳоратхона биноси ҳам шарқона услубда безатилган бўлиб, боболаримизнинг сув ишлатиш борасидаги пурҳикмат байтлари ёзилган.  Шунингдек, масжид ҳовлисида намоз сафлари тўғри олинишига ёрдам берувчи чизиқлар ётқизилган.

Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18).

Демак, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва мустаҳкам эътиқод кўринишидир. Шукрлар бўлсинки, истиқлол йилларида бу каби хайрли ишлар кўплаб амалга оширилмоқда. “Яккасарой” жоме масжиди халқимизга хос бўлган азалий анъана  ҳашар йўли билан қуриб битказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бу хайрли ишда кўмакчи бўлган барча инсонларга ўз миннатдорчилик билдирдилар. Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари мавъиза қилди ва жума намозини ўқиб берди.

Муфтий ҳазратлари истиқлол йилларида қилинган буюк ишлар ҳақида сўзлар экан, талабалик йилларидаги шу масжид билан боғлиқ ибратли воқеаларни эсга олди. Хайр-саховатнинг фазилати ва Аллоҳнинг байтига хизмат қилишдек бахт насиб этганига шукр билдирди. Масжид қурилишида иштирок этган барча ҳашарчиларга ва шу каби хайрли ишларда доимо бош-қош бўлган Ўзбекистоннинг биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов ҳақига хайрли дуолар қилди.