Россия АҚШ уни ва бошқа ҳамкорларини Даур-аз-Зордаги воқеадан кейин Суриядаги вазиятни сиёсий йўл билан тартибга солишга содиқлиги борасида ишонтиришини кутмоқда. Бу ҳақда журналистларга Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурия бўйича йиғилишидан кейин айтиб ўтди.

Чуркин журналистларнинг саволларига жавоб бериш давомида Россия ва АҚШнинг Сурия бўйича келишуви тугагани ҳақида гапириш мумкин-мумкинмаслиги ҳақидаги саволга "Йўқ. Мен айтганимдек, бу катта савол белгиси", деб жавоб берди.

"Менга Вашингтон қандай муносабат билдириши қизиқ бўларди. Агар бугун АҚШнинг БМТдаги вакили Пауэр қилгани бу АҚШнинг муносабати бўлса, унда бизда жиддий кўнгилсизликлар бор. Умид қиламанки, улар Суриядаги вазиятни сиёсий йўл билан тартибга солиш, террорчиларга қарши кураш борасида ниятлари жиддийлигида бизни ва қолган томонларни ишонтиришга йўл топа оладилар", деб айтди Чуркин.

Пауэр Россиянинг Даур-аз-Зордаги зарбалардан кейин Хавфсизлик кенгашининг шошилинч маслаҳатлашувини чақириш талабани "сурбетлик ва иккиюзламачилик" деб атаганди ва Чуркиннинг нутқини тинглашдан бош тортганди.

Эслатиб ўтамиз, 17 сентябрь кечки пайт АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари Сурия ҳукумат қўшинларига зарба берган. Оқибатда 62 ҳарбий ҳалок бўлган, 100 га яқини жароҳатланган. АҚШ кейинроқ бу зарбаларни хатолик туфайли берилганини айтган.

Чуркин АҚШни ўт очишни тўхтатиш тартиби ҳамда Сурия ҳукумати олдида ҳукумат қўшинларига зарба бермаслик борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни бузганликда айблаган.