Голландиялик олимлар 19 сентябрда ҳайдовчисиз катерлар имкониятини ўрганишга қаратилган 5 йиллик тадқиқот дастурини тақдим қилдилар.

Деярли тўртдан бир қисмига сув билан қопланган Амстердамда ҳайдовчисиз машиналар билан қизиқишмайди. Бироқ робот-катерлар Голландия пойтахти учун анчагина истиқболли транспорт тури ҳисобланади, деб таъкидламоқда The Verge.

Roboat деб номланган тадқиқот дастури АҚШнинг Массачусетс технологик институти ва иккита голланд университети олимлари томонидан олиб борилмоқда. Дастурнинг нархи 25 млн еврони ташкил қилади. Олимлар ҳайдовчисиз катер прототипини 2017 йилда намойиш қилишга ваъда бермоқдалар.

Бундай сузувчи транспорт воситалари нафақат такси ва юк кемалари сифатида, балки тиғиз вақтда мобиль кўприклар сифатида ҳам хизмат қилиши мумкин.

"Бир неча соат ичида йиғиб-бўлакланадиган кўприклар каби шаҳарнинг ҳаракатчан сузувчи инфратузилмасини яратиш ҳақида ўйлаш лозим", деб айтди тадқиқот дастури раҳбари Карло Ратти.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳайдовчисиз катерлар, шунингдек, Амстердамдаги сув ва ҳаво сифати ҳақидаги маълумотларни олишга ва йилига тахминан 12 минг велосипед ташланадиган каналларни тозалашда асқатиши мумкин.