Теҳрондагиларнинг ишонч билан айтишича, АҚШ бошчилигидаги коалиция Дайр-аз-Зорга авиазарба бериши хатолик туфайли рўй бермаган. Эрон парламенти раисининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Ҳусайн Амир Абдуллахон бугун шундай фикр билдирган. Унинг сўзлари Irna агентлиги томонидан келтирилган.

"Оқ уй Сурияни кучсизлантириш ва ҳудуддаги жангариларнинг позицияларини мустаҳкамлаш учун қўлидан келганича ҳаракат қилади", деган у.

Абдуллахоннинг қайд этишича, "АҚШнинг Сурия ҳаво кенгликларида ҳаракатланиши бу борада Дамашқ билан келишмагани туфайли халқаро ҳуқуқнинг бузилиши" ҳисобланади.

Сиёсатчи "Россия Сурия масаласидаги АҚШ билан келишувининг амалиётини текшириши" кераклигини таъкидлаб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари 17 сентябрь, шанба куни Сурия армиясининг Дайр-аз-Зор шаҳри яқинидаги марраларига тўртта авиазарба бергани, натижада 62 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлиб, юзга яқин киши яралангани ҳақида хабар берилган эди. Бу ҳужумда америкаликлар билан бирга австралияликлар ва данияликлар ҳам иштирок этган.