Fancy Bears хакерлик гуруҳи 19 сентябрда Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) маълумотлар базасига бузиб кириш оқибатида олинган ҳужжатларнинг 4-қисмини чоп этди.

Рўйхатда WADA’дан даволаш мақсадларида тақиқловчи моддаларни қўллашга рухсат олган спортчилар исми келтирилган. Хусусан, рўйхатда испаниялик теннисчи, жаҳоннинг собиқ биринчи рақамли теннисчиси Рафаэль Надаль, келиб чиқиши сомалилик бўлган британиялик югурувчи, 4 карра Олимпия чемпиони Муҳаммад Фараҳ, венгриялик сузувчи, 6 карра Олимпиада совриндори Ласло Чех номлари бор.

Ҳужжатларга кўра, Надалга 2009 йилда бетаметазон, 2012 йилда эса кортикотропин истеъмол қилишга рухсат берилган. 2008 йилда Фараҳга триамцинолон, 2014 йилда эса бирданига бир нечта тақиқланган модда, жумладан морфин ва викодин, Чехга эса 2011 йил формотерол қабул қилишга рухсат берилган.

Рўйхатдан, шунингдек Лукас Мартин Рей, Факундо Каллиони (Аргентина, чим устида хоккей), Лоик Люпаэр (Бельгия, чим устида хоккей), Франсина Нийонсаба (Бурунди, енгил атлетика), Кристин Синклер, Мелисса Танкреди, Риан Уилкинсон, Софи Шмидт (Канада, футбол), Каспер Мортенсен (Дания, гандбол), Никлас Ларсен (Дания, велоспорт), Димитри Баску (Франция, енгил атлетика), Готье Грюмье (Франция, қиличбозлик), бир қатор британиялик спортчилар — Александра Дэнсон, Криста Каллен, Саманта Куэк (чим устида хоккей), Каллум Скиннер (велоспорт), Хелен Гловер (эшкак эшиш), Жастин Роуз, Питер Рид (гольф), АҚШ вакиллари – Ариана Вашингтон (енгил атлетика), Брэйди Эллисон (қамондан ўқ узиш), Коннор Йегер (сузиш) ва Лори Эрнандес (спорт гимнастикаси) каби спортчиларнинг номи ўрин олган.