АҚШ президентлигига Демократлар партиясидан номзод Ҳиллари Клинтон Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси сессиясига ташриф буюрган Япония бош вазири Синдзо Абэ билан учрашув ўтказиш ҳақида келишиб олди. Kyodo агентлигининг хабар қилишича, музокара Шарқий Осиёдаги вазиятга, хусусан ушбу ҳудуддаги можаролар ва КХДРнинг ракета-ядровий дастурига оид бўлиши кутилмоқда. 

Маълумотларга кўра, учрашув Клинтоннинг ташаббуси билан ўтказилади. Таъкидланишича, у шу орқали Япония билан Осиё-Тинч океани минтақасидаги энг муҳим иттифоқдоши сифатида узвий алоқаларига урғу бермоқчи.

Клинтоннинг рақиби ва республикачилар номзоди Дональд Трамп Токиони бир неча маротаба қуролли кучларга кам харажат ажратаётганликда айблаган, бундан ташқари у Япония Америка ҳарбий базаларига кўпроқ маблағ ажратмаган тақдирда, икки томонлама ҳарбий-сиёсий музокаралар тизимини қайта кўриб чиқишни айтиб, таҳдид қилмоқда.