Likeit.uz сайти Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида таваллуд топган ва ҳозирда Facebook’нинг Буюк Британиядаги офисида ишлайдиган Азиз Муртазаев билан уюштирган интервьюсини тақдим этди.

Бундан олдинроқ, қозоғистонлик видео-блоггер Азиз Муртазаев ҳақида хабар бериб улгурган ва ушбу иқтидорли йигит кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиб кетганди.

Қуйидаги суҳбатда Азиз Мартазаев ҳақида янги ва батафсил маълумотлардан бохабар бўлиш мумкин.

Қачондан бери Facebook’да ишлайсиз?

— Facebook билан энг биринчи контакт 2014 йилнинг сентябрида бўлган ва суҳбатлар 2015 йилнинг февралигача давом этган. Facebook’нинг Лондон офисида 2015 йил, 14 сентябрда иш бошлаганман.

Facebook’нинг қаердаги офиси ёки офисларида, қайси лавозим ёки лавозимларда фаолият олиб борасиз, боргансиз?

— Ҳамма суҳбатлардан муваффақиятли ўтиб бўлгандан кейин Калифорниядаги бош офисига (Менло Парк) ишга таклиф қилишди. Facebook’нинг Америкадаги офисида ишлаш учун иш визасини (H1B) олиш талаб қилинар эди. Бу виза турини олиш жудаям қийин, чунки қанча одам топширишидан қатъи назар йилига фақат 65 000 дона виза берилади.

Мен ҳам шундай виза олмоқчи бўлган йилда 233 000 киши топширган ва лотерея асосида 65 000 кишини танлаб олинган.

Мен виза олганлар таркибида бўлмаганман, лекин яхши ҳамки, алтернатив вариант бор эди.

Facebook ишга таклиф қилганида, “Агар Америкага виза берилмаса, Facebook’нинг Лондондаги офисида ишлашингиз мумкин бўлади”, деб айтилган эди. Шундай қилиб, 2015 йилнинг сентябридан бошлаб Лондондаги офисида ишлай бошладим.

Facebook’га Android операцион тизимида ишлайдиган дастурчи-муҳандис бўлиб ишга кирдим.

Энг қизиғи Facebook’да муҳандислар бир-бирининг лавозимларини билмайди. Яъни системада бошқа ишчининг лавозимини билиш мумкин эмас ва ишчи фақат ўз лавозимини кўра олади.

Facebook’нинг иш маданиятига кўра, ҳар хил лавозим — катта муҳандис, кичик муҳандис кабилар ходимлар орасида муомалага сунъий тўсиқ ясайди, деб ҳисобланади. 5 йиллик иш тажрибаси бор муҳандис билан университетни энди тугатиб, ишга кирган муҳандислар бир хил имкониятларга эга.

Facebook’да иш бошлашингиз қандай бўлган?

— Facebook’ка кирган ҳамма ишчилар “Bootcamp” деб номланган тренинг дастурини ўтиб бўлиб иш бошлайди.

Bootcamp — бу 5-6 ҳафталик дастур бўлиб, ишчилар Facebook’нинг ҳамма технологиялари билан танишиб чиқади ва дастур охирида ишчилар исталган жамоасида иш бошлашга тайёр бўлади.

Facebook’ни бошқа компаниялардан ажратиб турадиган нарсаси — ишчилар иш бошлаганининг биринчи ҳафтасидаёқ Facebook веб-дастурига ўзгартиришлар киритиши мумкин.

Мен энг биринчи “commit” — системага ўзгартириш киритиладиган кодни иш бошлаганимга 5 кун бўлганида қилганман ва бундай ҳолат кенг тарқалган.

Бошланғич 3 ҳафтада, Лондонда Facebook’нинг асосий технологиялари ҳақида курслар бўлди ва осон/ўртача топшириқлар устида ишладик.

Ундан кейин 2 ҳафта Калифорниядаги бош офисда тренингни давом эттирдик ва бу сафар ҳар ким ўз йўналиши бўйича курсларни давом этди.

Мен Android дастурчи бўлиб ишга олинганимдан кейин, шу операцион тизим бўйича курсларни ўтдим ва Android бўйича топшириқларни қилдим.

Facebook’нинг Android мобил иловасида оддий дастурлашда ишлатиладиган технологиялардан анча фарқли технологиялар ишлатилади. Чунки Facebook’нинг Android иловаси стандарт Android иловасига нисбатан анча катта илова ҳисобланади ва стандарт ёндашувлар Facebook миқёсида ишламайди.

Калифорниядан қайтиб келгандан кейин жамоа танлаш билан шуғулландик. Жамоани ишчилар ўзлари ўз қизиқишига қараб танлашади.

Муҳандислар керак жамоалар ўз фаолияти ҳақида ички веб-сайтда эълон қилиб қўяди ва қандай муҳандис кераклигини кўрсатиб ўтади (масалан, iOS, Android, генералист).

Bootcamp’ни битирганлар уларга қизиққан жамоалар етакчилари билан суҳбатлар қилиб, жамоада қилинадиган иш муҳандис қизиқишига қанчалик тўғри келиши, келмаслигини билиб олиши мумкин.

Одатда ишга киргандан кейин 5-8 ҳафтада муҳандислар ўз жамоасини топиб олади.

Ишга кириш суҳбати қандай ўтган?

— Менда ишга кириш жараёни уч босқичли суҳбатдан иборат бўлган. Суҳбатларнинг энг бошидаги танишув суҳбатидан ташқари ҳаммасини Facebook’нинг муҳандислари олиб борган.

Энг биринчи суҳбат онлайн — Skype орқали бўлган. Онлайн суҳбат бир соат давом этган ва унда илк 10-15 дақиқа олдинги иш тажрибам ҳақида ва кейин Android бўйича техник саволлар берилган.

Ундан кейин асосий қисмига ўтдик ва берилган алгоритмик масалани 30-40 дақиқа давомида ҳал қилдим. Яъни интервью ўтказаётган киши ва мен кўра оладиган онлайн-ҳужжат очилади, шунда мен берилган масала ечими кодини ёзишим керак.

Интервьюда код ёзиш, компютерда код ёзишдан анча фарқ қилади, чунки компютерда код ёзганда дастурлаш муҳитининг ҳар хил қулайликларидан фойдаланиш мумкин.

Шунинг учун ҳам интервьюга тайёрланганда алгоритмик масалалар ечимини қоғозда ечиб ҳам ўрганиш керак.

Бошида масалани қандай йўл билан ечмоқчилигимни оғзаки тушунтириб бердим ва ечимининг кодини ёзишга ўтдим.

Кодни ёзишда интервью қабул қилаётган киши нафақат охирги натижасига қарайди, балки код ёзиш жараёнига ҳам эътибор беради.

Бу ерда масалани қандай усул билан ечилишини аниқ тушунтира олиш, кодни тоза ёзиш, чекка ҳолатларни (edge cases) ҳисобга олиш муҳим ҳисобланади.

Масалани ечиб бўлгандан кейин 5-10 дақиқа кандидат, яъни мен интервью олаётган кишига хоҳлаган саволимни беришим мумкин.

У Facebook’да қандайдир технологиянинг ишлатилиши, компаниядаги муҳит, компания маданияти ва шунга ўхшаган саволлар бўлиши мумкин. Умуман олганда, биринчи интервью кўнглимдагидек бўлиб ўтган.

Биринчи интервьюнинг жавоби бир ҳафта ўтмасдан келди ва ижобий натижа бўлгани ҳақида менга маълум қилишди.

Кейинги босқич, яъни иккинчи онлайн интервью қилинадиган бўлди. Интервьюга яхшилаб тайёрланиш мақсадида уни бир ойдан кейин ўтказишга келишиб олдик.

Иккинчи интервью структураси худди биринчисидагидек бўлди.

Бошида Android бўйича саволлар берилди ва ҳаммасига яхши жавоб бера олдим. Чунки шу пайтга қадар Android билан 3 йил шуғулланаётган эдим.

Кейин алгоритмик масалани ечишга ўтдик. Бу сафар биринчи интервьюдагидек яхши ўтмади ва масалани кўнглимдагидек еча олмадим.

Менинг ечган йўлимда бир, иккита чекка ҳолатларни (edge cases) ҳисобга олмаган эканман.

Иккинчи интервьюнинг жавоби ҳам тезда келди. Унда мен кейинги босқичга ўтганим ҳақида маълум қилинганди.

Буни эшитиб, жуда ҳам хурсанд бўлганман. Чунки иккинчи интервтюдан ўта олмаган бўлсам керак деб ўйлаган эдим.

Улар мени кейинги босқичга чақириш/чақирмаслик қарорини қабул қилишда нафақат иккинчи интервьюнинг натижасига қарашган, балки бошқа омиллар ҳам ҳисобга олинган.

Олдинги ишхонамда қилган ишларим (Facebook’дан олдин Жанубий Кореяда Samsung Electronics’да ишлаганман), мени бўш вақтимда қилган Android дастурим шулар жумласидан эди.

Айниқса, уларга мен тузган ва Google Play’га жойлаштирилган Android дастурим маъқул келган.

Кейинги (охирги) босқич Facebook’нинг Калифорниядаги офисида бўлган ва Сеулдан Сан-Францискога чипталар, меҳмонхона, овқат, такси ва шунга ўхшаш харажатларнинг ҳаммасини ўзлари қоплаб беришган.

Охирги босқич кетма-кет тўрт интервьюдан иборат бўлган. Ҳар бир интервью бир соат давом этган.

Тўрт интервьюдан иккитасида Android бўйича масала берилган ва доскада ечимининг кодини ёзганман.

Учинчи интервью “system design” бўйича бўлган ва унда ҳам Android’га боғлиқ масала берилган.

Тўртинчи интервюнинг ярими алгоритмик савол, ярими “behavioral questions” бўлган, яъни мен компания маданиятига қанчалик тўғри келишимни саволлар бериб текширишган.

Иккинчи интервьюдан кейин “тушлик интервью” бўлган, яъни бу расмий интервью бўлмаса ҳам, бунда Facebook ходими билан тушлик қилганмиз ва шу пайтда Facebook ҳақида хоҳлаган савол беришим мумкин эди ва бунинг бошқа интервьюларга таъсири бўлмаган.

Сеулга қайтиб борганимдан кейин бир ҳафта ўтмасдан улардан ижобий жавоб келган ва менга иш таклифини беришган.

Мен иккиланмасдан бу таклифни қабул қилганман ва ўша пайтда ўзимни жуда ҳам бахтли сезганман.

Facebook’да ишлаш қандай? Бошқа ишлаган жойларингиздан фарқи, иш режими, имкониятлар, қулайликлар, жамоадаги кайфият…

— Бизнинг офисимиз жуда ҳам ноодатий ва у ерда ходим ўзини ноқулай ҳис қилмаслиги ва турли хил маиший саволларга чалғимаслиги учун барча шароит яратилган.

Компания ходимлари учун бепул, уч маҳал овқат беради. Ходим тонгда ишга келгач, уни турли хил мева, салат, шарбат, тухумнинг турли кўриниши ва бошқа бир қанча нарсалардан қилинган нонушта кутади.

Тушликда эса энг кўп турдаги овқатлар берилади ва ҳар ким хоҳлаганини таъбига қараб танлаши мумкин.

Ҳар бир овқат махсус белгига эга. Бу эса овқатланишда бирор чекловга эга кишилар ўзларига мос овқатни танлашларида ёрдам беради. Масалан, кимдадир ёнғоққа аллергия бўлиши, кимдир вегетарион бўлиши мумкин.

Шунингдек, ҳар бир овқат уч хил ранг билан белгиланади. Агар яшил бўлса, бемалол кўп ейиш мумкин. Масалан, турли салатларни.

Қизил бўлса, кўп ейиш тавсия этилмайди. Масалан, мол гўшти. Булар ходимларнинг соғлигини ўйлаб қилинган. Овқат ҳажми эса чекланмаган.

Сариқ ранг эса қизил ва яшил ўртасини билдиради.

Бундан ташқари, ҳар доим турли хил пишириқлар, шоколад, музқаймоқ, ширинликлар ва ичимликлар мавжуд бўлади.

Вақти-вақти билан ходим ишдан чалғиши ва ишга янги куч билан қайтиши учун ҳар хил ўйин хоналари бор. Уларда пинг-понг, стол футболи, PS4, Xbox ўйнаш ёки чолғу асбобларидан фойдаланиш мумкин.

Facebook’да иш графики жуда эркин. Бу ерда ходимнинг ишда ўтказган вақтини ҳисоблаш системаси йўқ. Бу эса ходим офисдан ташқарида ишлаши ҳам мумкинлиги учун шундай.

Ҳар бир ходимнинг ўз ноутбуки бор ва баъзида уйдан ишлаш ҳам мумкин. Бу нормал ҳолат ҳисобланади.

Чоршанба эса мажлислар бўлмайдиган кун деб қабул қилинган. Ходимлар шу куни ишга умуман келмасликлари ва уйдан ишлашлари мумкин.

Касаллик учун таътил олишда чеклов йўқ. Агар касаллансангиз, шунчаки менежерни огоҳлантириб қўйиш етарли. Касал бўлиб қолганда ишга чиқмаслик ва қаҳрамонлик кўрсатмаслик тавсия қилинади.

Ходимларга ишониш даражаси жуда ҳайратланарли ва компаниянинг қарашларича, ходимларнинг ўзи қачон ишлаганлари фойдали бўлишини яхши билишади.

Доимий тарзда Марк Зукерберг билан савол-жавоблар сессияси (Q&A session) ўтказилиб турилади. Унда ходимлар компания фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган ва хавотирлантирган саволларни беришлари мумкин.

Бу ходимлар ўз фикрларини беришлари ва топ-менежмент фикрини билишлари учун ажойиб имконият.

Лондон офисида (Калифорниядаги бош офисдан ташқари барча офисларда ҳам) Free Lunch Wednesday ва BFF дастурлари мавжуд.

Ҳар чоршанба офисдан ташқарида исталган ресторанда 5 кишидан кам бўлмаган ходимлар билан бирга борса бўлади ва бунда ҳар бир ходимга 25 фунтгача харажати қопланади.

Шу билан бирга ҳар бир ходим кино, театр, музей, концертга бориш каби бирор тадбир уюштириши мумкин. 5 кишидан кам бўлмаган бундай жамоаларнинг ҳар бир аъзосининг ҳам 25 фунтгача харажати компания томонидан қопланади.

Бу бошқа жамоалардаги ходимлар билан танишиш учун яхши имконият ва у жамоалар ўртасидаги мулоқот яхшиланишига хизмат қилади.

Тез-тез хакатонлар ўтказилиб турилади. Улар кун бўйи давом этади ва унда одатий ишдан бошқа идеялар устида ишлаш мумкин.

Шундай хакатонлар сабаб, Facebook учун янги ва қизиқ лойиҳалар юзага келади.

Қаерларда ўқигансиз?

— Мактабни тугатгач, Ўзбекистон Миллий университетининг “Иқтисод” факультетига ўқишга кирганман.

Умуман олганда, ўқишга киргунча иқтисод ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаганман. Ҳал қилувчи фактор эса ўқишга кириш фанларини етарлича яхши билишим бўлган.

Мен математика билан шуғулланганман ва инглиз тилини яхши билганман. Ўша пайтда бу фанлар билан олий таълим даргоҳига кириш мумкин бўлган соҳалар ичида иқтисод энг қизиқарлиси деб ўйлаганман.

Тахминан учинчи курсда иқтисод умуман менинг соҳам эмаслигини ҳис қила бошлаганман. Гуманитар фанлардан кўра менга аниқ фанлар кўпроқ маъқул эди.

Кейин эса курсдошларимиз билан битта марказ талабаларни текинга дастурлашга ўқитиши ҳақида билиб қолганмиз ва ўзимизни синаб кўришга қарор қилганмиз.

Бу марказ “Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази” деб номланган ва унда .NET платформаси асосида дастурлашни ўргатишган.

3 ой давомида дарслардан сўнг, ҳафтасига 5 кун, кунига уч соатдан шу марказга қатнаганмиз. Менга дастурлаш жуда ёққан ва ёмон чиқмаган.

Ўқув курслари тугагач, якуний лойиҳамни топширганман ва марказ ҳамкорлик қиладиган компаниялардан бири — NetDec’га ишим маъқул келиб, мени амалиёт ўташга чақирган. У ерда ярим йил ишлаганман.

Университетни битирганимда, ўқишни тугатганимдан сўнг ким бўлиб ишлашим ҳақида ҳеч қандай шубҳам қолмаган эди.

Шундан сўнг икки йил Тошкентдаги Muransoft компаниясида ишладим ва кейин Жанубий Кореяга магистратура ўқиш учун жўнаб кетдим.

Магистратурани ривожланган давлатлардан бирида ўқишни жуда орзу қилганман ва турли хил Европа университетларига ҳам ҳужжатларимни топширганман.

Software Engineering ёки Computer Science бўйича магистратурада ўқишни жуда хоҳлаганман. Лекин бакалавр дипломим иқтисод бўйича бўлгани боис, кўплаб университетлар қабул бошида мени рад қилишган.

Кейин эса Жанубий Корея университетларига ҳужжат топширишга ҳаракат қилиб кўрганман. Ва бахтимга, битта университет, тўғрироғи шу университетнинг профессорларидан бири мени ўқишга қабул қилишга рози бўлган ва мен Сувон шаҳридаги Аджоу университетига кирганман.

Computer Engineering факультетида ўқиганман. У ерда олинган назарий билимларим компьютер илмидаги пробелларим ўрнини тўлдиришда катта ёрдам берган.

Касбингиз қандай, нималар қилгансиз, қайси дастурлаш тилларида ишлайсиз?

— Жанубий Кореядаги университетни битиргач эса ўзим ўқиган шаҳар — Сувондаги Samsung Electronics’да иш бошладим.

Ишга киришда бўлган интервьюлардан бирида мендан Samsung’да нима билан шуғулланишга қизиқишим ҳақида сўрашди. Мен эса икки хил сфера: Android’да дастурлаш ва тизим тақсимоти (Distributed Sytsems) деганман.

Якунда эса Samsung смартфонларининг фойдаланувчи интерфейсини ишлаб чиқадиган жамоадан ўрин эгаллаганман. У ерда Android’да ишлаганмиз ва Java’ни асосий дастурлаш тили сифатида фойдаланганмиз.

Ҳозир ҳам Facebook’да Android бўйича ишлайман ва Facebook Lite маҳсулоти устида ишлайман.

Шунингдек, ўз лойиҳаларимда аввал Python дастурлаш тилидан ҳам фойдаланганман.

Қайси тилларни биласиз ва улар Facebook’да ишлашингизда қандай имкониятлар яратмоқда?

— Хорижий тиллардан рус ва инглиз тилларини биламан. Жанубий Кореяда ҳам узоқ пайт инглиз тилида мулоқот қилганман.

Кореядалигимда корейс тилини анча ўргандим, аммо ҳозир деярли ишлатмаслигим сабаб эсимдан чиқмоқда.

Facebook’да русча гаплашадиган ходимлар кўп. Улар асосан Россия ва Украинадан. Биз ўзаро рус тилида мулоқот қиламиз.

Бироқ, рус тилида суҳбатлашадиган ходимлар бизнинг жамоамизда йўқ. Агар бўлганида ишлаш осонлашарди. Лекин ҳамма инглиз тилида етарлича яхши гаплаша олади.

Маҳаллий тиллардан эса қорақалпоқча (она тилим) ва ўзбекчани биламан, қозоқчани тушунаман.

Қаерликсиз? Болаликдаги орзуларингиз? Масалан, дастурчи бўлишни орзу қилгандирсиз ва унга қандай эришгансиз?

— Мен Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида туғилганман ва катта бўлганман. 37-лицейнинг математикага чуқурлаштирилган синфида мактабни якунлаганман.

Шароитлар бўлса ҳам, ҳеч қачон дастурчи бўламан деб ўйламаганман. Болалигимда отам шанба кунлари мени ишига олиб борган ва шунда биринчи марта компьютер нима эканлигини билганман.

Ўшанда асосан фақат компютер ўйинларини ўйнаганман ва MS-DOS  ҳамда Windows ҳақида бироз ўрганганман. Кейинчалик эса уйимизда компьютер бўлган ва унда турли хил дастурлардан фойдаланишни ўрганганман. Аммо дастурлаш билан қизиқмаганман.

Келажакда ким бўлишим ҳақида болаликда ўйламаганман. Менга мактабдаги маълум фанлар, айниқса математика жуда ёққан.

Келажак режаларингиз қандай?

— Қисқа қилиб айтганда, Facebook’да ишлаб турганимда, бу ерда яратилган имкониятлардан иложи борича кўпроқ фойдаланишни хоҳлардим. Бундай имкониятлар эса қуйидагича:

а) Техник билимлар: Android, Java ва биз бу ерда фойдаланадиган технологияларни чуқурроқ ўрганиш. Ўзим ҳамда бошқаларни доимий ўқитиш;

б) Дастурий маҳсулот яратиш: Бу ерда маҳсулот ишлаб чиқарилишига ёндошишлари жуда ёқади. Битта лойиҳа устида UX Researcher, Data Scientist, Designer, Content Strategist, Product Specialist ва бошқа платформа (Android, iOS, web) дастурчилари биргаликда ишлашади.

UX Researcher маҳсулот фойдаланувчи томонидан қандай фойдаланиши устида ишлайди, Data Scientist эса маҳсулот фойдаланилганидан маълумотларни анализ қилади ва ҳисоблайди, Designer эса фойдаланиш интерфейси (User eXperience)ни қилади ва маҳсулот билан мослиги (User eXperience)ни текширади, Content Strategist маҳсулотда фойдаланилган сўзларга жавоб беради, дастурчилар лойиҳанинг қийинлигини баҳолайди ва тахминлар беради. Кейин эса ишлаб чиқиш бошланади.

Улар билан ишлаб, маҳсулот қандай тайёрланиши ҳақида тасаввур уйғонади. Бу эса бабаҳо тажриба. Жараён эса кўпчилик компанияларда деярли бир хил.

Шунингдек, бу ерда барча қарорлар шунчаки қабул қилинмаслиги, аниқ ҳисоб-китоблар (метрикалар) асосида бўлиши менга ёқади.

Масалан, Product Manager, “Менга шу версия ёқди, у яхши кўринмоқда, шуни ишга туширамиз” – дея олмайди.

Аниқ ҳисоб-китоблар бўлиши зарур. Масалан, бу версия видео кўришлар сонини оширди ёки юкланиши 10 фоизга тезлашди, каби маълумотлар бўлиши керак ва шундан сўнг янги версияни ишга тушириш мумкин.

c) Профессионал алоқалар: Бу ерда жуда ақлли муҳандислар ва турли соҳа, турли шаҳарликлар билан ишлаш мумкин. Улардан кўп нарса ўрганса бўлади ва бу келажакда бошқа лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш имконини беради.

Facebook’да менга яна ҳам кўпроқ нарсалар ўрганиш мумкинлиги ёқади. Қачондир Facebook’ни тарк этиш керак бўлса, мен ўзимни катта даражага чиқиш истагида бўлган кичик компания, бирор стартапда синаб кўришни хоҳлардим.

Facebook’да қилинаётган янгиликлар ҳақида бўлиша оласизми?

— Афсуски, биз янги лойиҳалар ҳақида гапира олмаймиз.

Facebook’дан бирор ёрдам бера оласизми? Умуман сўраб туришадими?

— Facebook фойдаланувчиларининг маълумотларидан фойдаланишларига қаттиқ эътибор беради. Бу эса ходимларга жуда тааллуқли.

Агар ходим ваколатини бузиб, фойдаланувчиларнинг ўзига берилмаган маълумотларини қараса, компания учун аввал қилган хизматлари ҳам инобатга олинмай, дарҳол ишдан бўшатилади.

Ўзингиз Facebook ҳақида нималарни сўзлашни хоҳлайсиз?

— Facebook каби топ-технологик компанияларда ишга қабул қилиниш етарлича тайёргарлик билан тўлиқ реал ҳодиса эканлигини айтишни хоҳлардим.

Интервью жараёни кўплаб технологик компанияларда бир хил. Асосан интервьюларда номзодлар учун алгоритмик саволлар берилади ва уларга олдиндан тайёрланиш мумкин.

Шахсан ўзим учун бунга тайёрланиш 4-5 ой вақт талаб этган ва сарфланган вақт ўзини оқлаган.