Lamborghini компанияси Vitola деб номланадиган электр гиперкар яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда AutoBild нашри хабар бермоқда. 

Янги модель J1 модуль шассисида қурилади. Шасси эса ўз навбатида Porsche Mission E электрокарининг серияли версияси негизида яратилади. Бу электрокардан Lamborghini гиперкарига батареяларни тез қувватлаш тизими тегади. Lamborghini Vitola жойидан 100 км/соат тезликкача 2,5 сонияда тезлаша олади, максимал тезлиги эса соатига 300 км дан ошади.

Тахмин қилинишича, гиперкар чекланган миқдорда ишлаб чиқарилади. Lamborghini Vitola пайдо бўладиган муддат ҳозирча маълум қилинмаяпти. 

Porsche Mission E электр спорткари 2020 йилда серияли тарзда ишлаб чиқарила бошланади. Машинанинг 2015 йил кузида илк бор намойиш қилинган прототипи умумий қуввати 600 от кучидан юқори бўлган иккита электромотор билан жиҳозланган. Концепт-кар 100 км/соат тезликка 3,5 сонияда эриша олади, 200 км/соат тезликкача тезлашиши учун 12 сония керак бўлади.

Прототип учун 800-вольтли аккумуляторни қувватлаш тизими махсус яратилган, у аккумулятор захирасини 15 дақиқада 80 фоизга тўлғиза олади.