Швеция Болтиқ денгизида жойлашган Готланд оролида доимий асосда қўшинлар жойлаштирди. Мамлакат бундай қадамга гўёки Россия томонидан билдирилаётган юқори даражадаги таҳдид туфайли борган, деб хабар бермоқда Local нашри. Нашрнинг швед газеталаридан бири Dagens Nyheter‘га иқтибос келтирган ҳолда таъкидлашича, Швеция ҳукумати бу таҳдидлар ва унинг характерини "мутлақо махфий" белгиси остида яширган.

Мақолада таъкидланишича, бу йилнинг ёзидан Швеция қуролли кучлари бош қўмондони Микаэль Бюден ва мудофаа вазири Петер Хультквист "мамлакат учун хавфсизлик борасида вазият ёмонлашаётганини" айта бошлашган.
 
Бундан ташқари, қуролли кучлар раҳбарияти қўшинларнинг жанговор тайёргарлигини "қўққисдан" текширишга қарор қилган. Бунда 150 аскар Швециянинг марказий шаҳарларидан биридан мамлакатнинг шарқий соҳилларида жойлашган Готланд оролига ташланган. 14 сентябрда бош қўмондон ҳарбийларга оролда қолишни буюрган ва шу тариқа 2017 йил охирида амалга оширилмоқчи бўлган қадамни муддатдан олдин амалга оширган.