Ўтган йили Индонезияда рўй берган ёзги ёнғинлар Жакарта расмийлари таъкидлагандек 19 нафар эмас, 100 мингдан ортиқ аҳоли ҳаётига зомин бўлган. Бу ҳақида экологлар Environmental Research Letters журналида маълум қилишди

Ўрмон ёнғинлари ҳар йили Индонезиянинг минглаб гектарларини қоплаб олади. 1997-1998 йилларда уларнинг минтақа мамлакатларига зиёни тахминан 9 миллиардни ташкил қилган. Индонезия ўрмон хўжалик вазирлигининг маълум қилишича, бу йил ёнғинлар ҳозирча 2,8 минг гектар майдонни қамраб олган. 

2015 йилда Индонезияда сўнгги ўн йиллик учун энг кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлган. Ўшанда умумий олганда, 260 минг гектардан ортиқ ўрмон майдонига ўт кетган. Бунга Эл-Ниньо иқлим феномени сабаб бўлган. Ёнғиннинг таъсири Индонезиянинг 75 фоиз ҳудудида, жумладан Жакартада ҳам сезилган. Бундан ташқари табиий офат Малайзия, Таиланд ва ҳаттоки Филиппиннинг баъзи ҳудудларига таъсир ўтказган. 

Шварц ва унинг ҳамкасблари бу ёнғинларнинг қурбонлари расмийлар тақдим этган маълумот - 19 нафар кишидан анча кўп бўлганини аниқлашди. 

Олимлар бунинг учун аввал ёнғин қамраб олган ўрмонлар, ботқоқлар  майдони, шундан сўнг ёнаётган дарахтлардан чиққан қоракуя зарраларини ҳисоблаб чиқишган.

Шварц ва унинг ҳамкасблари ёнғинлар харитасини аҳоли зичлиги харитасига мувофиқлаштириб, табиий офатнинг индонезияликлар соғлиғига қандай таъсир қилган бўлиши мумкинлигига баҳо беришди. 2015 йилги кучли ёнғинлар ва у қадар ёнғин кузатилмаган йиллардаги натижаларни таққослаш 2015 йилда ҳар қачонгидан кўпроқ одам ҳаётдан кўз юмганлигини кўрсатган. Уларнинг олиб борган ҳисоб-китобига кўра, ёнғинлар камида 26 минг, кўпи билан эса 160 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган. Ёнғин натижасида ҳалок бўлганларнинг тахминий кўрсаткичи 91-100 минг нафарни ташкил қилади. 

Экологларнинг таъкидлашича, энг кўп ёнғин ва ўлим ҳолатлари Суматра оролининг жанубий қисмига тўғри келади. Барча ёнғинларнинг 60-70 фоизи шу ерда содир бўлган. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бу бекорга эмас - айнан шу ҳудудда қоғоз ва целлюлоза ишлаб чиқариш учун тез ўсувчи дарахтлар экиш учун тупроқ дренажи лойиҳалари ўтказилган.  Олимлар "бундай тажриба ёнғинларни кучайтиради, шу боис бунга чек қўйиш зарур", деб ҳисоблашади.