Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар, қора олтин бозоридаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган битимга яқин турибди. Шу ҳақда фикр билдирган Венесуэла президенти Николас Мадуро сўзларини ТАСС агентлиги келтирмоқда.

«Умид қиламизки, биз шу ойда нефть нархини барқарорлаштириш учун келишув ҳақида эълон қила оламиз», — деган Мадуро, Венесуэлонинг Маргарита оролида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати саммити якунида. 

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Венесуэла саммитда иштирок этган ОПЕК мамлакатлари давлат раҳбарлари, хусусан Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан  музокаралар ўтказган. 

«Эрон раҳбари нефть бозорини барқарорлаштириш учун жуда зарур ва адолатли чораларга Теҳрон ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди. Бу жуда яхши янгиликдир», — деган Мадуро.

19 сентябрь кунги илк савдоларга оид маълумотларга кўра, Лондоннинг ICE биржасидаги Brent русумли нефтнинг бир баррели 46,53 доллардан сотилмоқда. Бу ўтган ҳафта охиридаги нархдан 1,66 фоизга юқоридир.