АҚШ ҳукумати хатолик туфайли миллий хавфсизликка хавф солувчи давлатлардан бўлган 858 муҳожирга фуқаролик берган, деб хабар бермоқда АҚШ ички хавфсизлик департаментига иқтибос келтирган ҳолда Associated Press ахборот агентлиги. 

Фуқаролик олган муҳожирлардан кўпчилиги депортация қилиниши керак бўлган ва қонунни бузганликда ушланган.

Департамент инспектори муҳожирлар АҚШ фуқаролигини олиш учун аризаларни беришда бошқача исмлар ва туғилган саналардан фойдаланганларини маълум қилди. Ҳужжатларда хато топилмаган, чунки муҳожирларнинг бармоқлари излари давлат маълумотлар базаларидан йўқолиб қолган.

Департамент хабарида бу вазият иммиграция хизматларининг азалий муаммосини акс эттириши айтилган. Ҳозирда рақамли кўринишга келтирилмаган эски ёзувлар ва бармоқ излари мавжуд ва уларни электрон кўринишда тез топишнинг имкони йўқ.