General Electric Аргентинага 10 млрд доллар сармоя киритади

Иқтисодиёт 20 Сентябрь 2016 3105

Американинг General Electric (GE) компанияси келаси 10 йил мобайнида Аргентинага 10 млрд доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги компания раиси ўринбосари Жон Райс баёнотига асосланган ҳолда. 

Қайд этилишича, сўнгги 4 ой мобайнида GE мамлакатга 1,2 млрд доллар, хусусан иссиқлик электрстанциялари қурилишига 900 млн доллар, 7та самолётни харид қилишни молиялаштириш мақсадида Aerolineas Argentinas давлат авиакомпаниясига кредит сифатида 280 млн доллар маблағ киритган. 

Бундан ташқари, GE компаниясига кўра, унинг сармоялари ҳар йили 1 ГВтга яқин электр энергияси ишлаб чиқиш имконини берувчи 7та электрстанциясини барпо этиш имконини беради. GE шунингдек, Аргентинанинг YPF давлат компанияси билан Неукен ва Тукуман вилоятларида қўшма заводлар қуриш бўйича келишиб олган.

Ўтган ҳафтада Буэнос-Айрес шаҳрида бўлиб ўтган бизнес форумда Германиянинг Siemens AG муҳандислик гуруҳи ҳам Аргентина инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан газ-буғ электрстанцияларини барпо этишга 5,6 млрд доллар сармоя киритиш хоҳишини билдирган. 

Кўпроқ янгиликлар