Оливер Стоуннинг "Сноуден" фильмидаги роллардан бирини ижро қилган Николас Кейж "актёрнинг вазифаси - кўзгу бўлиш ва жамиятда содир бўлаётган воқеаларни нейтрал позициядан ифодалаш", деб ҳисоблайди. Актёр 20 сентябрь, сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ана шундай фикр билдирди. 

Кейжнинг сўзларига кўра, у "Сноуден" фильмининг икки лавҳасидагина роль ижро этган. У журналистнинг "Баъзи америкаликлар хоин деб ҳисобловчи Эдвард Сноуденни оқловчи картинада роль ўйнашга қандай қилиб рози бўлдингиз?" деган саволига "бунга нейтрал позициядан ёндашгани"ни айтди. 

"Актёрнинг вазифаси - кўзгу бўлиш ва жамиятда рўй бераётган ҳодисаларни нейтрал позициядан ифодалаш. Мен айнан шундай қилдим. Сонуден қилган ишлар дунёни ўзгартиргани шубҳасиз", - деди Кейж. 

"Сноуден" фильми 2013 йилнинг июнида Washington Post ҳамда Guardian газеталарига бир қатор махфий материалларни топширган Миллий хавфсизлик агентлиги(МХА)нинг собиқ ходими ҳақида ҳикоя қилади. Бу махфий маълумотлар АҚШ ва Буюк Британия махсус хизматларининг интернетдаги кузатув дастурларига оид бўлган. Стоуннинг фильми 9 сентябрда Торонтодаги халқаро кинофестиваль доирасида намойиш қилинди.