Франциянинг France Football нашри 2016 йилда “Олтин тўп” топшириладиган қоидаларни эълон қилди.

Яна аввалгидек, овоз бериш жараёнида  фақат журналистлар иштирок этади. Номзодлар ҳам 23 нафар эмас, 30 нафар бўлади.

2010 йилдан шу кунгача соврин “ФИФА Олтин тўпи” деб номланган эди. Унда овоз бериш жараёнида терма жамоа сардорлари, мураббийлар ва журналистлар иштирок этиб келган. Маълум вақтдан кейин соврин аввалги форматига қайтди.

France Football журнали 1956 йилдан бошлаб "Олтин тўп" мукофотини энг яхши футболчига топшириб келган эди. 1988 йилда эса ФИФА "Йил футболчиси" мукофотини жорий этди.

2010 йилда журнал таҳририяти ва ФИФА беш йиллик шартнома имзолаган эди. Унга кўра, ФИФА миллий терма жамоаларнинг мураббийлари, сардорлари ва ОАВ вакиллари овози орқали "Олтин тўп" мукофотини топшириб бориши кўзда тутилган эди.

"Олтин тўп" мукофотини ФИФА топширишни бошлаганидан буён унга фақатгина икки футболчи — "Барселона" ҳужумчиси Лионель Месси (2010, 2011, 2012, 2015) ҳамда "Реал" етакчиси Криштиану Роналду (2013, 2014) қўлга киритган.