Айиқча Винни-Пухнинг янги дўсти пингвин бўлади. Бу ҳақда The Guardian хабар ёзган.

Бу қаҳрамонни ёзувчи Брайан Сибли ўйлаб топган. У айиқча ҳақидаги ҳикоялар муаллифи Александр Алан Милннинг ўғли Кристофер Робин Милн билан тушган эски суратларидан биридан илҳомланган. Суратда Кристофер айиқча ва пингвин билан ўйнаб ўтирганини кўриш мумкин.

Янги персонаж Винни-Пухнинг 90 йиллигида яратилди.

«Пухнинг пингвин билан учрашуви унинг Суссекс ўрмонида кенгуру ҳамда йўлбарс билан учрашувидан кўра, ноодатий бўлмайди», – дея изоҳлаган Сибли.

Сибли тўрт муаллифдан бири бўлиб, у «Дунёдаги энг яхши айиқ» сиквели учун эртак ёзиб берди. Бу китоб 6 октябрь куни Egmont томонидан нашрдан чиқарилади. Бу лойиҳада Пол Брайт, Кейт Сондерс ва Жин Уиллис ҳам иштирок этган.

Сиблининг китоби «Қиш: ўрмонда пингвин пайдо бўлди» дея номланган.

Алан Милн ҳикояларидаги ўйинчоқ айиқча Винни-Пухнинг прототипи канадалик урғочи айиқ бўлган. 

Ёзувчи Линдси Мэттикнинг янги «Виннини қидириб» китобида персонажнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида сўзланган.

Маълум қилинишича, 1914 йилда кичкина урғочи қора айиқ канадалик ветеринар Гарри Колберн томонидан қутқарилади, у айиқчага она шаҳри шарафига Виннипег (қисқартмаси — Винни) деб исм қўяди ва Лондон ҳайвонот боғига жўнатади. У ерда эса айиқ билан ёзувчининг ўғли Кристофер Робин танишиб қолади. Бола у билан иноқлашиб қолади ва ўзининг ўйинчоқ айиғини унинг номи билан атайди. Мэттик эса ўша халоскор ветеринарнинг эвараси ҳисобланади.