Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) қошидаги узлуксиз таълим марказида кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширган ва олий ўқув юртларига, жумладан IUTга, кирган талабаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Узлуксиз таълим маркази менежери Амирулла Абдуллаев ўтган ўқув йили натижаларини эълон қилди. Бу ҳақида IUT’нинг расмий сайтида маълум қилинди.

Манбага кўра, ўтган йили тайёрлов курсларига 320 нафар ёшлар рўйхатдан ўтган ва уларнинг 145 нафаригина якуний имтиҳонларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишган. Якуний имтиҳонларга ўзи устида қаттиқ ишлаган тингловчиларгина етиб келишгани таъкидланган. Якуний натижаларга кўра, имтиҳонларни муваффақиятли топширган 45 нафар тингловчи Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабасига айланди. 

Шуни таъкидлаш керакки, фақатгина тайёрлов курси тингловчилари кириш имтиҳонларини топширмасдан IUT талабасига айланиши мумкин. Тайёрлов курсларининг якуний имтиҳонларида камида 60% баҳо олган ёки курсларнинг 30% энг яхши тинловчилари орасига кирганлар IUT талабасига айланишади. Шу билан бирга улар грантлар учун курашиш туфайли кириш имтиҳонида иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолишади.

Жорий йилда 45 нафар муваффақиятли тингловчи кириш имтиҳонларидан аввал IUT талабасига айланди. Улардан 32 нафари “Компьютер инжиниринг ва Дастурий инжиниринг” (SOCIE) йўналишига ҳамда 13 нафари “Логистика” йўналишига қабул қилинди. Шу билан бирга уларнинг 9 нафари касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг 1- ва 2-курсларида таълим олишади. Улар коллеж ва лицейдаги ўқишларини якунлагач, IUTга имтиҳонсиз қабул қилинади.

Амирулла Абдуллаевнинг айтишича, бу йил тайёрлов курсларининг 82% тингловчиси олий ўқув юртларига кириш шарафига муяссар бўлган. Улардан 61% эса IUT талабасига айланган. Унинг сўзларига кўра, 145 нафар тингловчидан 118 нафари инглиз тили бўйича IELTS имтиҳонларини муваффақиятли топширган. Улар IELTS имтиҳонида ўртача 6 ёки ундан юқори баҳо олган.

Тақдирлаш жараёнида IUT вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига қабул қилинганликлари ҳақидаги сертификатларини тингловчиларга топширишди. Тўққиз нафар тингловчи эса лицей ва коллежни битирганидан кейин IUTда ўқиш ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқловчи хат олди
.
Ҳозирда узлуксиз таълим маркази икки йиллик тайёрлов курсларига тингловчиларни рўйхатдан ўтказмоқда. Ўтган йиллар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, математика ва физикадек мураккаб фанларга тайёргарлик кўриш учун бир йил етарли эмас. Инглиз тилини ҳам яхши ўзлаштириш учун кўпроқ вақт керак. Шуни таъкидлаш керакки, ёшлар IUTга ўқишга кириши учун тайёргарликни коллеж ёки лицейнинг 1- ёки 2- курсидан бошлаши керак.