Дубайда уч нафар қозоғистонлик тадбиркор ҳамюртидан пул ундирмоқчи бўлгани ва агар у бундан бош тортса, эркакнинг ўзини ва фарзандларини ўлдириш билан таҳдид қилгани учун суд олдида жавоб берди. Бу ҳақда nur.kz нашри хабар бермоқда.  

29, 51 ва 52 ёшли қозоғистонликлар 40 ёшли бошқа бир қозоқ тадбиркоридан ҳар ой пул тўлаб туришини талаб қилиб таҳдид қилганлар.

Жабрланувчининг айтишича, март ойида бу кимсалар унинг уйига у билан учрашмоқчи бўлгани келган, бироқ ўша пайт тадбиркор уйида бўлмаган. Тадбиркор унинг уйига судланувчилар ноқонуний равишда бостириб кирганини хизматкор аёлдан билган ва полицияга хабар берган.

29 март куни эркак тренажёр залида бўлганда, икки судланувчи унинг ёнига келиб, уларнинг босслари билан учрашишни талаб қилган.

Шунда тадбиркор Дубай полицияси билан боғланган. Полиция жиноий тўдани ушлаш бўйича операция тайёрлаган. 51 ёшли судланувчи тадбиркор билан кафелардан бирида учрашган.

Жабрланувчининг айтишича, жиноятчилар ундан ҳимоя қилиш эвазига пул талаб қилганлар. Улар унинг Қозоғистондаги ва Дубайдаги уйини билишларини айтиб, унинг фарзандларини ўғрилаш ва онасини ўлдириш билан таҳдид қилишган. Жиноятчилар ўз қилмишларини улар ночор яшаган бир вақтда, жабрланувчи бой яшагани билан асослашган.

Дубай полицияси учала жиноятчини ҳам кафедаги учрашув вақтида ҳибсга олган.