Ҳиндистон ҳукумати Франциядан Dassault Aviation компанияси ишлаб чиқарган 36 та Rafale қирувчи самолётлари сотиб олинишини маъқуллади. Бу ҳақда Ҳиндистон мудофаа вазирлигига яқин бўлган манбага иқтибос келтирган ҳолда AFP ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Агентлик маълумотларига кўра, келишув Франция ва Ҳиндистон мудофаа вазирлари ўртасида 23 сентябрда Нью-Деҳлида имзоланади. Манба битим қийматини маълум қилмади, бироқ музокараларда муҳокама қилинган тахминий нархга кўра, у 7,87 млрд еврони (8,77 млрд доллар) ташкил қилиши мумкин.  

Кўп мақсадли 4 авлоддаги Rafale қирувчи самолёти биринчи парвозини 1986 йилда амалга оширган. Франция қуролли кучларига бу самолётлар 2002 йилдан бошлаб етказила бошланган. Франция ҳукумати армия учун бундай самолётдан 180 тасига буюртма берган.